21 октябрь куни Тошкентдаги “Туркистон” санъат саройида Хитой санъат усталари томонидан театрлаштирилган мусиқий дастур намойиш этилди. Санъат кечасида Ўзбекистонда Хитой маданияти кунлари бошлангани тантанали маълум қилинди.
Концерт аввалида Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазири Турсунали Қўзиев ҳамда Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Чжан Сяо меҳмонларни қутлади.
Турсунали Қўзиев Хитой ва Ўзбекистон кўп асрлик тарихий алоқаларга эга экани, мазкур дўстона муносабатлар айни пайтда янада ривож топаётганини мамнуният билан қайд этди. Халқлар ва элатларни боғлаган Буюк ипак йўли орқали Хитой ва Икки дарё оралиғи ўртасида асрлар давомида дўстлик карвонлари қатнагани таъкидланди.
Маданият ва спорт ишлари вазири ўтган йили Хитойда Ўзбекистон маданият кунлари муваффақиятли тарзда ўтгани, маданий-гуманитар алоқалар икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилажагига урғу берди.
Ўз навбатида, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Чжан Сяо давлатларимиз ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 20 йиллиги муносабат билан ўтказилаётган мазкур маданий тадбирнинг аҳамияти катта эканини таъкидлади.
– Бу ҳам Хитой, ҳам Ўзбекистон халқи учун ўзига хос байрамдир. Ўзаро маданият кунлари ўтказиш ҳақидаги қарор юксак даражадаги учрашувларда – икки мамлакат давлат раҳбарлари томонидан қабул қилинган. Бу орқали халқларимизнинг асрлар синовидан ўтган дўстлигини янада мустаҳкамлаш, тамаддунларимизни, маданиятларимизни янада бойитиш ва ҳамкорликни ривожлантириш кўзланган, – деди Хитой элчиси Чжан Сяо.
Шу куни Гандун музофотининг Чжухай шаҳридан ташриф буюрган “Хан Шен” бадиий жамоаси хитой халқ қўшиқлари ва рақсларидан иборат ранго-ранг мусиқий-кўнгилочар дастурни тақдим этди. Хитойлик созандалар, раққосалар ва цирк усталари чиқиши ўзбек томошабини томонидан олқишлар билан кутиб олинди.
Маданият кунлари Самарқандда давом этади. Хитой делегацияси 22 октябрь куни кўҳна ва навқирон шаҳарга жўнаб кетди.
23 октябрь куни Ҳамид Олимжон номидаги Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида Хитой санъаткорлари иштирокида концерт дастури намойиш этилади.
Маданият кунлари доирасида Хитой делегацияси аъзолари Тошкент ва Самарқанднинг диққатга сазовор масканлари билан танишади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Хитой маданияти кунлари доирасида 21 октябрь куни Тошкентда Хитой замонавий рассомлари асарларидан иборат тасвирий санъат кўргазмаси очилган.