Тошкентда ЕХҲТ (Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти) ташкил этган “Марказий Осиёда очиқ журналистика” 19-Марказий Осиё медиа конференцияси бўлиб ўтмоқда. Икки кунлик ушбу тадбирда 100 дан ортиқ иштирокчилар, жумладан Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Монголия давлатларидан давлат ҳокимияти вакиллари, журналистлар ҳамда халқаро ташкилот вакиллари иштирок этмоқда.
Оммавий ахборот воситалари очиқлиги ва эркинлиги масалаларига бағишланган конференцияни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси вице-спикери Сарвар Отамуродов, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори, элчи Жон Мак-Грегор, ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезир кириш сўзи билан очдилар.
Жаноб Арлем Дезир журналистлар билан учрашаркан, Ўзбекистондаги ҳозирги янгиланиш жараёнидан хурсандлигини баён этди ва “ОАВни эркинлаштириш учун янада кучли қонунлар қабул қилиш керак. Мен Олий Мажлис вакиллари билан учрашдим. “Оммавий ахборот воситалари ҳақида” ва “Журналистик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларнинг янги таҳрири қабул қилинаётгани қувонарли ҳол” деди.
Конференциянинг 1-кунида “ОАВда янгиликлар тарқатишнинг янги тенденциялари: Марказий Осиё ва ЕХҲТнинг бошқа аъзо давлатлари тажрибалари”, “Янги медиа майдонида воситачилар: ОАВ ва журналистлар учун янги имкониятлар”, “Анъанавий ОАВ ва янги форматлар: Марказий Осиё ва Монголияда ижтимоий тармоқлар ва мобиль платформалар”, “Экстремизм, терроризм ва нафрат уйғотиш масалаларида ўз-ўзини бошқариш институтларининг роли ва ҳуқуқий асослари” мавзуларида семинар ташкил этилди. Шунингдек, “Рақамли технологиялар асрида миллий озчиликлар ва медиа”, “Марказий Осиёда медиа ва экология” мавзуларида махсус презентациялар қилинди.
Конференциянинг 2-кунида “Марказий Осиё ва Монголияда эркин оммавий ахборот воситаларида янгиликлар” мазусида семинар давом эттирилади.