Тоғли Қорабоғ можароси Арманистон ва Озарбайжон ўртасида ҳал этиладиган масаладир. Бу ҳақда Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Ҳикмат Ҳожиев баёнот берди.
Аввалроқ айрим мамлакатлар музокараларга Тоғли Қорабоғда ташкил этилган тан олинмаган давлатни ҳам жалб этишни таклиф этган эди.
“ЕХҲТ ҳужжатларида қайд этилганидек, Озарбайжон Тоғли Қорабоғидаги озарбайжон ва арман жамоаси мазкур ихтилофнинг манфаатли томонлари саналади. Озарбайжон Тоғли Қорабоғидаги озарбайжон ва арман жамоаси тенг ҳуқуққа эгадир”, – дейди Ҳ.Ҳожиев.
Қайд этилишича, Тоғли Қорабоғ Озарбайжонга қонунан ва тарихан тегишли ҳудуддир ва дунёдаги бирор давлат ёки халқаро ташкилот мазкур далилни рад этмайди.
Эслатиб ўтамиз, расмий Боку Тоғли Қорабоғ ва унга туташ 7 та туман (Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизи) Арманистон қуролли кучлари томонидан босиб олинган деб ҳисоблайди ҳамда қўшни давлат ҳарбийлари оккупация қилинган ҳудуддан чиқиши лозимлигини талаб қилади. Арманистон эса тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси манфаатларини ҳимоя қилиб келади.
Гарчи 1994 йилда келишув имзоланган бўлса-да, тўқнашувлар рўй бериб туради. Таҳлилчилар тинчлик келишуви жуда мўрт экани ва исталган пайт тўқнашув рўй бериши мумкинлигидан хавотир билдиради.
Расмий Бокуга кўра, Тоғли Қорабоғ муаммоси БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1993 йил 30 апрель, 1993 йил 29 июль ва 1993 йил 14 октябрда қабул қилган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал қилиниши лозим.
Шу мавзудаги мақола:
Озарбайжон Арманистонни халқаро ҳуқуқ меъёрларини бузишда айблади. 22.04.2016