ТИКА раҳбари Сердар Чам Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири билан учрашди

7 апрель куни Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) раҳбари Сердар Чам Тошкентда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Анвар Алимов билан учрашди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг ривожида ТИКАнинг аҳамияти катта эканини таъкидлади. Қайд этилишича, агентлик кўмагида кейинги йилларда 500 дан ошиқ бола пластик операция қилинди, 100 дан ошиқ ўзбекистонлик шифокор Туркияда малака оширди. А.Алимов бу каби кўмак учун Туркия томонига ташаккур билдирди.

Ўз навбатида, ТИКА раҳбари Сердар Чам Абу Али ибн Сино каби тиббиёт даҳосининг ватани бўлган Ўзбекистон билан ҳамкорлик изчил давом эттирилишини таъкидлади.

ТИКАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси амалга оширган бир қатор лойиҳаларнинг тугаллангани муносабати билан ўтказиладиган маросимларда иштирок этгани келган Сердар Чам шу куни Ўзбекиcтон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари С.Эргашев билан ҳам учрашди. Учрашувда ўзаро ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳолати ҳамда истиқболда қилинажак ишлар муҳокама этилди.

Бундан ташқари, туркиялик юқори мартабали меҳмон ТИКАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилган “Тадбиркор аёл” уюшмасининг марказий биноси ҳамда Республика ихтисослаштирилган гинекология ва акушерлик илмий-амалий марказига ташриф буюриб, ушбу марказ қошида ТИКАнинг кўмагида ташкил этилган Симуляция ўқув марказининг расмий очилишида иштирок этди.

Шу куни ТИКА делегацияси иштирокида тиббий анжом ва ускуналар билан жиҳозланган 10 дона мобил клиник транспорт воситасини “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондига топшириш маросими ҳам бўлиб ўтди. “Мобил клиника” транспорт воситалари лойиҳаси 2010 йилдан буён ТИКА кўмагида амалга оширилмоқда.

Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабарига қараганда, 8 апрель куни Сердар Чам ва ТИКАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сулейман Кизилтопрак ҳамда икки давлат вакилларидан иборат делегация Бухорога боради. Меҳмонлар ТИКАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилган Бухоро шаҳридаги 32-меҳрибонлик уйида бўлади.

10 апрелга қадар давом этадиган ташриф дастурига кўра, Туркия делегацияси Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ҳам бўлиб, тарихий обидаларни зиёрат қилади.

Туркия Республикаси Бош вазир девони ҳузуридаги техникавий ёрдам кўрсатиш ташкилоти саналган Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) 1992 йилда ташкил топган. Ҳозирда ташкилотнинг Европа, Осиё ва Африка қитъаларининг 140га яқин мамлакатида 50дан ортиқ ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда.

ТИКАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси 1994 йил 20 майда очилган. Ваколатхона Ўзбекистондаги турли ташкилот ва идоралар билан иқтисодий, техникавий, ижтимоий ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва дастурларни амалга ошириб келмоқда.

Собир Салим

 

Шу мавзудаги мақолалар:

Ўзбекистонлик беш юздан ортиқ ички ишлар ходими Туркиянинг малака ошириш дастурида қатнашди. 22.12.2015

Турк олимлари 1300 йил аввалги бармоқ изларини топди. 09.02.2016