Тайланд: Беҳаловат «Осиё йўлбарси»

Таиландда ҳарбийлар битта ҳам ўқ узмасдан ҳокимиятни эгаллашди. Янги ҳукумат мамлакатни инқироздан олиб чиқа олармикин?..
Ҳиндихитой ярим оролида жойлашган Таиланд мамлакати давлат тўнтаришлари борасида бой тажриба ва тарихга эга. Конституциявий монархия тузуми ўрнатилган 1932 йилдан бери мамлакатда оз эмас — 17 марта давлат тўнтариши амалга оширилди. Ўтган ҳафта таиландликлар инқилобий ҳаракатнинг ўн саккизинчисига ҳам шоҳид бўлишди.

Қурол ишлатишга ҳожат қолмади

20 сентябрга ўтар кечаси Таиланд пойтахти Банг­кокда ҳарбийлар томонидан давлат тўнтариши амалга оширилди. Сиёсий инқилоб бошида Таиланд қуруқликдаги қўшинлари қўмондони, генерал Сонтхи Буняратклин турди. Генерал раҳбарлигидаги ҳарбийлар ҳукумат уйи, марказий телевидение ва бошқа муҳим стратегик объектларни битта ҳам ўқ узмасдан бир неча соат ичида забт этишди. Исёнчилар коррупция ва порахўрлик ботқоғига ботган бош вазир Таксин Чинават лавозимидан четлаштирилгани, ҳукумат, парламент, Конституциявий суд тарқатиб юборилганини маълум қилишди. Амалдаги Конституция ҳам бекор бўлди.
Аслида можаро 19 сентябр куни бош вазир Таксин Чинават томонидан қуруқликдаги қўшинлар қўмондони, генерал Сонтхи Буняратклинни истеъфога чиқариш тўғрисида буйруқ берилганидан бошланди. Ню-Ёркда — БМТ Бош Ассамблеяси йиғинида иштирок этаётган бош вазир воқеаларнинг бундай кескин тус олишини тасаввур ҳам қилмаган бўлиши аниқ. Бироқ кўпдан бери ҳукумат раҳбарига мухолиф фикрда бўлиб келган генерал бу сафар очиқ-ошкора буйруққа бўйсунмади ва пировардида сиёсий тўнтаришга журъат қилди.
Ҳукумат ва парламент тарқатиб юборилиши билан давлат бошқарувидаги бор ваколатлар муваққат бош вазир вазифасини бажариб турган генерал Сонтхи Буняратклин қўлига ўтди. Ҳозирда бутун мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилган. Таиланднинг чекка музофотларида ҳам офицерлар раҳбарлик қилиб турибди.
Давлат тўнтариши ташкилотчилари ҳарбийлар ҳокимияти узоғи билан икки ҳафта давом этишига ваъда беришмоқда. Ҳукумат ўрнида ташкил этилган муваққат бошқарув идораси — Сиёсий ислоҳотлар ўтказиш кенгаши раҳбари, генерал Буняратклин икки ҳафта ичида янги бош вазир тайинланишини маълум қилди. Ҳарбий қўмондоннинг фикрича, яқин кунларда келадиган янги ҳукумат ҳам узоқ ишламайди. 2007 йилнинг окятбрида бутун мамлакатда ҳукумат ва парламент учун сайлов ўтказилади. Унга қадар эса махсус комиссия мамлакатнинг янги Конституциясини ишлаб чиқади.

Қирол номи билан!

Таиланд халқи давлат раҳбари, қирол Пумипон Адул­ядетни қаттиқ ҳурмат қилади. Мамлакатни 60 йилдан бери идора қилиб келаётган қирол аллақачон миллат ифтихорига айланган (Дарвоқе, давлатни идора этиш борасида Ер юзида қирол Адулядетга етадиган бирор ҳукмдор йўқ. 1946 йилда тахтга ўтирган Таиланд қироли дунёда энг узоқ муддат ҳукмронлик қилиб келаётган монарх саналади).
Генерал Сонтхи Буняратклин бошчилигидаги исёнчилар телевидение орқали дастлабки чиқишларидаёқ қирол Адулядетга содиқ эканликларини билдиришди. Бу жиҳатдан ҳарбий қўмондоннинг узоқни кўра билиш қобилиятига тан бермай илож йўқ. Чунки қирол миллат рамзи даражасида улуғланадиган Таиланд шароитида давлат тўнтариши ташкилотчиси ҳукмдорга содиқлигини эълон қилмаганда эди, инқилобий ҳаракат олдинги қўзғолонлардек оммавий норозиликларни келтириб чиқариши мумкин эди.
Ўзининг 78 йиллик умри давомида 17 та давлат тўнтариши, 15 та Конституция, 20 та бош вазирни кўрган қирол Адулядет дастлаб давлат тўнтариши борасида очиқ муносабат билдирмади. Бироқ кўп ўтмай, ҳукмдорнинг бош вазир Чинават истеъфосини қўллаб-қувватлаши ва муваққат раҳбарликка генерал Сонтхи Буняратклинни та­йинлагани маълум бўлди. Шу билан генерал Сонтхи Буняратклин тарафдорлари кўчасида байрам бошланди.

Порахўрликда айбланаётган бош вазир

Табиийки, Таиланддаги давлат тўнтариши дунё ҳамжамияти учун кутилмаган ҳодиса бўлди. Бироқ мамлакат халқи ана шундай кескин воқеа бўлиши ва Таксин Чинават ҳукуматдан четлаштирилишини сезиб, балки кутиб турган эди…
Давлат тўнтаришини бир гуруҳ ҳарбийлар хоҳиши билан амалга оширилган тасодифий ҳодиса дейиш нотўғри бўлур эди. Аслида Таиландда сўнгги пайтда юзага келган сиёсий ва иқтисодий инқироз ана шундай кескин ўзгаришни тақозо этар эди. Генерал Буняратклин бошчилигидаги ҳарбийлар эса ана шу зарурий вазифанинг ижрочилари бўлишди, холос.
Давлат тўнтариши ташкилотчилари томонидан бош вазир Таксин Чинаватнинг коррупция ва порахўр­ликда айбланаётгани янгилик эмас. Телекоммуникация соҳасидаги бизнеси билан катта давлатга эга бўлган миллионер бош вазир кўпдан бери даромадини яшириш, солиқларни тўламаслик, мансабидан шахсий манфаати йўлида фойдаланиш каби жиддий жиноий айб­ловлар билан танқид қилиб келинар эди. Охир-оқибат Таиланд бош вазирининг тақдири ҳам италиялик ҳамкасби — медиа-бизнес орқасидан бойлик орттирган Силвио Берлускони қисматига ўхшаш бўлди. Фақат Берлусконининг омади чопгани — иқтисодий жиноятларда айб­ланган Италия бош вазири тинчгина истеъфога чиқиб олди.

Таиландликлар нимадан норози?

Таксин Чинават обрўсининг кескин тушиб кетишига сабаб бўлган яна бир ҳодиса йил аввалида рўй берди. Февраль ойида кутилмаганда бош вазир икки палатали парламентни тарқатиб юборди ва муддатдан олдин сайлов жорий қилди. Сайловда эса бош вазирнинг «Таиландликлар таиландликларни севади» партияси ғалабага эришди. Мухолифат овоз бериш жараёни қонунга зид ўтгани, натижалар сохталаштирилганидан шикоят қилиб Конституциявий судга мурожаат қилди. Суд мухолифат фикрини тўғри деб топди. Чинават ташаббуси билан ўтказилган сайлов натижалари бекор қилинди. Бу эса бош вазирнинг сиёсий нуфузига катта путур етказди. Охир-оқибат муддатдан олдинги сайлов муддатдан олдинги истеъфога олиб келди.
Таиланд давлати 1990-йилларда Жанубий Корея, Тайван, Малайзия каби Осиё мамлакатлари қатори юқори иқтисодий ютуқларга эришди ва мамлакатга «Осиё йўлбарси» деган ном берилди. Бироқ сўнгги йилларда Таиланд иқтисодида юзага келган депсиниш ҳолати қийинчилик ва муаммолар келтириб чиқарди. Минглаб инсонларни ҳаётдан олиб кетган даҳшатли тўфон, парранда гриппи каби офатлар ҳам «Осиё йўлбарси» иқтисодига кучли зарар етказди. Табиий офат ва иқтисодий инқироз келтирган молиявий зарарни тиклашдек залворли вазифасини Таксин Чинават ҳукумати уддалай олмади. Боз устига, Ҳиндихитой мамлакатининг фоҳишабозлик борасида ҳали-ҳануз дунёда энг олдинги ўринларда туришида ҳам ҳукуматнинг ҳиссаси йўқ эмас…
Балки шунинг учундир, таиланд­ликлар ҳукумат тепасига зўрлик билан бўлсада, ҳарбийлар келишини қўллаб-қувватлашди. «Бангкок пост» газетаси ўтказган ижтимоий сўров натижаларига кўра, 83,9 фоиз аҳоли генерал Буняратклин раҳбарлигида амалга оширилган давлат тўнтаришини маъқул деб ҳисоблайди.

Янги ҳукумат тараддуди

Дарвоқе, Таиландда амалга оширилган давлат тўнтариши борасида етакчи давлатлар муносабати хусусида. АҚШ Таиланддаги сўнгги ҳодисалардан хавотирда экани ва ҳаммаси қонуний якун топишига умид қилажагини билдирди. Бироқ Оқ уй маъмурияти Вашингтоннинг яқин иттифоқчиларидан бўлиб келган Таксин Чинаватнинг яна бош вазирликка қайтиши масаласига тўхталиб ўтирмади. Бошқа етакчи давлатлар ташқи сиёсат маҳкамаларининг Бангкокдаги воқеликка муносабатида дипломатик бетарафлик сезилиб туради. Европа Иттифоқи эса Таиланддаги ҳарбий тўнтаришни кескин қоралади ва бу ҳолатни демократияга зид деб баҳолади.
Бироқ Европа Иттифоқининг танқидий муносабатини барибир таиландликлар эшитишолмади. Сабаби, муваққат ҳукумат томонидан халқаро телеканалларнинг кабель ва сунъий йўлдош орқали эфирга берилиши тўхтатиб қўйилган. Шунинг­дек, мамлакатда чоп этиладиган матбуот нашрлари ва телерадиоканаллар ҳам қаттиқ назоратга олинган. Албатта, мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилган ва ҳукуматни ҳам погонли зобитлар идора қилаётган ҳолатда бундан яхшисини умид қилиб бўлмайди.
Ҳукуматдан четлаштирилган Таксин Чинават эса Ню-Ёркдан тўғри Лондонга равона бўлди. Айни пайт­да махсус комиссия томонидан собиқ бош вазир ва унинг яқинларига қарашли бўлган мол-мулк текширилмоқда. Муваққат ҳукумат раҳбари бош вазир ўз қилмишига яраша жазо олажагини ҳам маълум қилган. Шундай бўлгач, миллионер Таксин Чинават ватанига келиб қамалгандан Лондонда хотиржам яшашни афзал билса, эҳтимол.
Генерал Буняратклин тсивилизациялашган дунёда ҳарбийлар ҳокимияти узоқ турмаслигини яхши билади. Шунинг учун ҳам у обрў-эътибори борида ҳукуматни муносиб одамга топшириш тараддудида. Асосийси, ҳарбий тўнтариш туфайли генерал қўмондонлик лавозимини сақлаб қолди. Янги келадиган бош вазир ҳам ортиқча душман кўпайтирмаслик учун генерални ўз мансабида қолдириши эҳтимоли кучлироқ.
Ҳозирча Таиланд ҳукумати раҳбарлигига асосий номзодлар БМТнинг савдо ва ривожланиш бўйича ташкилоти (ЮНКТАД) бош котиби Супачай Паничпакди ҳамда Таиланд банки бошқарувчиси Придяторн Девакула бўлиб турибди. Бунгача узоқ йиллар Жаҳон савдо ташкилотига раҳбарлик қилган Супачай Паничпакди Таиланддан чиққан, халқаро миқёсда катта нуфузга эга дипломат саналади. Мамлакатнинг етакчи банки бошқарувчиси бўлган Придяторн Девакуланинг ҳам имконияти ёмон эмас. Ана шу арбоблардан бири яқин кунларда Таиланд ҳукумати раҳбарлигига келиши мумкин. Бироқ сўнгги хабарларга қараганда, собиқ бош вазир Таксин Чинават тарафдори бўлган юқори лавозимли ҳарбийлар ҳам қўл қовуштириб ўтиргани йўқ…

Собиржон Ёқубов
«Ҳуррият» газетасидан олинди.