Таниқли ўзбек дипломати ва таржимони Франция Республикаси ордени билан тақдирланди

Таниқли ўзбек дипломати ва таржимони, Тошкентдаги Француз альянси раиси Шоазим Миноваров Франция Республикасининг “Хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. Ушбу нуфузли мукофот Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси  Виолен де Вильмор томонидан Тошкентда ўтган қабул маросимида тантанали тарзда топширилди.

Элчи хоним ўз нутқида қайд этганидек, Ш.Миноваров ушбу юксак мукофотга давлат арбоби ҳамда таржимон сифатида Ўзбекистон ҳамда Франция ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун сазовор бўлди.

“Хизматлари учун” миллий ордени Франциянинг юксак давлат мукофотлари сирасига киради. 1963 йил 3 декабрда Президент Шарль де Голль фармони билан таъсис қилинган орден Франция ҳамда хорижий мамлакатлар фуқароларига юксак хизматлари учун тақдим этилади.

Шоазим Миноваров давлат арбоби ва дипломат сифатида узоқ йиллар турли масъул вазифаларда фаолият юритган. Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси, Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси, Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари, Ўзбекистоннинг Мисрдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси каби лавозимларда хизмат қилган. 2015 йил апрелдан Тошкентдаги Француз альянси раиси.

Шоазим Миноваров маҳоратли таржимон сифатида ҳам эътироф этилган. У ХХ аср француз адабиётининг Нобель мукофотига сазовор вакиллари – Франсуа Мориакнинг “Илонлар комида”, Жан-Мари Гюстав Ле Клезионинг “Мондо”, Патрик Модианонинг “Тўй саёҳати” ҳамда инглиз мумтоз адабиёти вакили Чарльз Диккенснинг “Катта умидлар” асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Ш.Миноваров, шунингдек, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзамнинг “Шовқин” романи, “Пакананинг ошиқ кўнгли” қиссаси, “Ёзувчи” ва “Аралашқўрғон” ҳикояларини французчага ўгирган.