Хитой сармоя борасида Ўзбекистоннинг биринчи рақамли ҳамкори саналади. Хитой томони киритган сармоянинг умумий миқдори 7,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.
Мазкур фикр Хитойнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сунь Лицзе томонидан Тошкентда 22 апрель куни ўтган “Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари” мавзуидаги илмий-амалий анжуманда билдирилди.
Дипломатнинг таъкидлашича, мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Буни Хитой сўнгги тўрт йил давомида Ўзбекистоннинг иккинчи савдо ҳамкори бўлиб тургани ҳам тасдиқлайди.
“Ўзбекистонда 600 га яқин хитой-ўзбек қўшма корхонаси нефть-газ разведкаси ва қувурлар қуриш, инфраструктурани такомиллаштириш, эркин иқтисодий ҳудудларни йўлга қўйиш, телекоммуникация, тўқимачилик, ирригация, янги энергетика ва бошқа соҳаларда фаолият юритмоқда. Буюк ипак йўлининг Иқтисодий белбоғини бунёд этиш ҳамда халқаро кооператив ташаббусларни юзага чиқариш авж паллага кирган охирги икки йилда стратегик лойиҳалар янада жонланди. Газ қувурларининг учта тармоғи қуриб битказилди. “Пэншэн”нинг “Жиззах” эркин иқтисодий ҳудудидаги филиали ишлаб чиқариш ҳажмини тобора кенгайтирмоқда. Қолаверса, Ангрен-Поп туннели қуриб битказилдики, бу икки томонлама ҳамкорликка янги руҳ бағишлайди”, – деди Хитой элчиси.
Қайд этилишича, икки давлат раҳбарлари ўртасида дўстона муносабат ўрнатилган. Ўтган 2015 йилда олий даражадаги учрашувлар давом этди. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва ХХР Раиси Си Цзиньпин 2015 йил июль ойида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг саммити доирасида Уфа шаҳрида учрашди. Президент Ислом Каримов 2015 йил сентябрда ХХР Раисининг таклифига биноан Пекин шаҳрига борди ва Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 70 йиллигига бағишланган тантаналарда қатнашди.
Ўзаро манфаатли ҳамкорликни олиб боришда томонларнинг терроризм, экстремизм, сепаратизм, наркотрафик, ноқонуний қурол савдоси ва хавфсизликнинг бошқа таҳдидлари бўйича муштарак қарашда экани муҳим омил бўлаётир.
Икки давлат муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилган. Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация, Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги қўшма декларация дўстона муносабатларни изчил тараққий эттиришга хизмат қилмоқда.
Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамкорлигида уюштирилган анжуман икки давлат ўртасида дипломатик алоқа ўрнатилганининг 24 йиллигига бағишланди. Машваратда ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболлари муҳокама этилди.
Собир Салим