Скинхедлар: муаммо илдизи қаерда?

Айтишларича, какку ўз тухумини ўзга қушларнинг, масалан чуғурчуқ ёки лойхўрак инида қўяр экан. Бу унинг ўз ини йўқлигидан эмас, азборойи полапонини боқишни истамаслигидан содир бўларкан. Ўз тухумлари орасида бегона тухум пайдо бўлганини қуш бечора билмайди ҳам. Вақт ўтиши билан тухумдан полапонлар ёриб чиқишади.

Кичик уяда жуссаси йирик каккуча питирлаб-питирлаб ўзга полапонларни тушириб юборади. Қуш эса ўзидан катта «боласини» темирқанот бўлиб, инни тарк этгунига қадар чувалчанг ва пашшалар билан боқади. Энг ҳайратланарлиси шундаки, какку лойхўрак «тарбиясини олган» бўлсада, вақт келиб ўз тухумини яна ўзга инда қўяди…

ҲАВАСКОР ИСЁНКОРЛИКДАН ВАҲШИЙЛИК САРИ

Бундан икки ой муқаддам Россияга ишлагани келган уч нафар тожикистонлик маҳаллий скинхедлар дўппослаши туфайли ҳалок бўлди. Уларнинг қотиллари Москва олий судида кўп йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ҳукм ўқиб эшиттирилаётганда бир жиноятчининг онаси кўзида ёши билан ўз фарзандини лаънатлаб, ундан воз кечганини айтди. Сочи тагидан қирилган фарзанд эса ўз онасини суд залидан ҳайдашларини талаб қиларди.
Онани боладан, болани онадан айираётган скинхедлик нима ўзи?
Скинхед(инглизча скинҳеад, тақирбош)ларнинг дастлабки гуруҳи ХХ асрнинг 50-йиллари охирида Буюк Британияда пайдо бўлган. Ўша пайтда бу гуруҳ кўнгилхушлик қилишни истаб қолган 16-20 ёшли ўсмир ёшларнинг ихтиёрий бирлашувидан пайдо бўлган, дейиш мумкин.
Гуруҳ бўлиш учун ягона ғоя керак. 50-йиллар скинхедлари учун умумийлик — вақт ўтиши, кайфу сафо ва одатий муҳитга исён эди, холос. Ўша давр ота-оналари ўз фарзандларининг бой-бадавлат тадбиркор бўлишини исташарди. Бунинг учун боладан машаққатли изланиш, ўқиб-ўрганиш талаб қилинади. Ялқов фарзанд учун китоб титкилашдан кўра, шовқин-суронли мусиқа остида тенгдошлари билан спиртли ичимлик, пиво ичиш жозибалироқ эди. Нега «скинхед»? Ўзингизга яхши маълум, ҳар қайси даврда ёшлар орасида оммалашган соч турмаги бўлган. Ўтган аср ўрталарида узун (қулоқларни ёпадиган) соч қўйиш йигитлар учун урф бўлган эди. Даврга, қариндошларнинг зерикарли насиҳатларига, ўқитувчиларнинг ваъзларига, умуман, доимий бирхилликка қарши бош кўтарган скинхедлар учун замонавийлик ҳам бегона эди. Пивохўр тақирбошлар устидан кулганлар эса аёвсиз дўппосланган. Улар кўча олишувларига мос кийинар, полиция қўлидан осон сирғалиб чиқиб кетиш учун қулай бўлган чарм куртка, оғир баланд пошнали бутси ва занжирли камарлар билан «қуролланган»лар.
60-йиллар сўнгида бу гуруҳдаги ёшлар сафи сезиларли даражада кенгайди. Баъзи сиёсатчилар эса скинхедлардан сиёсий саҳналарда воситачи сифатида фойдалана бошлади. Жамиятдаги тартибсизлик мухолифатга амалдаги ҳукуматни баралла танқид қилишга имкон берарди. Энди калбошлар ота-оналари қаторида қора портфельли ҳукумат вакилидан ҳам нафратлана бошлайди. Вақт ўтиши билан ғарб жамиятларидаги маҳаллий ёшларга нисбатан муҳожирлар ўзларининг иқтидорини намойиш қилиб, ўзига тўқ қатлам таркибига сингий бошлайди. Табиийки, ҳасад ҳислари уйғотилгач, анча ночор шароитда яшовчи скинхедлар ўзларининг «ғарб маҳаллийларининг азобига муҳожирлар сабабчи» деган хулосага келган алоҳида гуруҳга бўлинадилар. Террор, зўравонликка таянган бу янги бўғин ўз тарафдорларини «олий ирқ» — оқ ирқнинг қон тозалигини сақлаб қолишга, муҳожирларни маҳаллий оқларга хизмат қилишга мажбур қилишни ташвиқ қиладилар. Бу борада улар ўзларига Адолф Гитлерни идеал қилиб олишди. СС гуруҳлар тузиб, Иккинчи жаҳон урушида фашистлар фойдаланган униформаларнинг замонавий кўринишларини
устларига иладилар. Энг ҳайратланарлиси, улар ўзларигача бўлган маданиятга нуқта қўйиб, янги скинхедлик маданиятини яратишга киришади. Узоқ йиллар натси-скинхед(мильлатчи-калбош)лар шовинистик ҳаракатлари туфайли ҳукуматлар томонидан «ноқонуний» дея таъқибга олиниб келинди.
Кўп нарса муҳитга боғлиқ. Уруш ниҳоясига етгач, бутун дунёда неча юз минглаб болалар тирик етим, бошпанасиз кўчада қолди. Ўша даврда скинхед тушунчасининг юзага келишининг асосий омили ҳам шу эди. Бироқ
малҳам — вақт кейинчалик вазиятни ўзгартирдику?! Ҳозир дунё бойлигининг 46 фоизи Европада тўпланган. Бу ерда оддий ишчининг фарзанди ҳам қийналмай олий мақомдаги университетларда ўқиши, агар истаса, бир ишнинг бошини тутиб, қўша-қўша машина миниши мумкин. Хўш, энди тақирбошларга нима етишмайди? Бизнингча, бу муаммо ечимини жамият, оила ва тарбия масалаларидан қидирмоқ керак. Нитсше айтганидек, муаммонинг борлиги доимо кимгадир имкон яратган. Европа юраги ҳисобланувчи Брюссел марказида қора танли она-боланинг отиб кетилиши, жиноятнинг вояга етмаган миллатчи томонидан амалга оширилгани ёхуд Германияда поляк талабалари ётоқхонасининг тунда ёндириб юборилиши ва натижада ўнлаб бегуноҳ йигит-қизларнинг оламдан кўз юмиши — буларнинг барчаси ягона режанинг кичик
қисмлари, холос. Агар ирқчи-мильлатчилар гуруҳи бор экан, демак уни кимдир молиялаштиради. Бузғунчи кучларнинг мавжудлиги қайсидир сиёсий кучларнинг амалдаги ҳокимиятга таъсир қилиш имконини яратади. Ёшлар воситага айланади. Буни жорий йилнинг март-апрел ойларида Парижда содир этилган тартибсизликлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Натижада, Франциянинг амалдаги бош вазири обрўси халқ орасида кескин даражада тушиб кетди.

НEГА АЙНАН РОССИЯДА?

Россия учун миллатчилик муаммоси илидизини икки омилдан қидириш лозим. Биринчиси, ишсизлик, қашшоқлик бўлса, иккинчиси ёшларнинг турли оқимларга берилишларига катталарнинг бефарқлиги. Бироқ ҳар икки ҳолатда масала ўқилдизи оилага бориб тақалади. 80-йилларнинг охирида Россияда ёшлар ўртасида саводсизлик оммавий тус ола бошлади. Вояга етмаганлар орасида кўчабезорилик, гуруҳбозлик, уюшган жиноятчилик, рекетчилик авж олиши Иттифоқнинг тарқалиши, оммавий ишсизлик ва қашшоқлик каби муаммоларга уланиб кетди. 90-йиллар бошларида Петербург ва Москвада 10-20 нафарни ташкил қилган натси-скинхедлар сафи азбаройи кун ўтказиш учун талончиликларга бош қўшувчи бекорчилар билан кенгайиб борди. Худди хорижда бўлгани каби бу ердаги миллатчилар ўз азобларининг асосий сабабчиси сифатида Кавказ, Ўрта Осиё ва бошқа жойлардан борган, пул топиб, кўнгилдагидек умргузаронлик қилаётган муҳожирларни кўрадилар.
Хориж стсенарийси асосида миллатчилар сиёсий саҳнада ҳам бўй кўрсата бошладилар. Ўзлари ташкил қилган турли партиялар орқали ҳокимиятга интилиб, «бепоён Россияда ягона оқ ирқ славянлардан иборат давлат» тузишга ҳаракат қилишаяпти. Ҳокимият ва бошқа турли партияларнинг неофашистлар хатти-ҳаракатларини танқид остига олиши айирмачиларнинг муҳожирларга нисбатан террори билан жавоб қайтарилишига сабаб бўлаяпти. Айни пайтда, Санкт-Петербург ва Москвада 60 мингдан зиёд миллатчи-скинхедлар бор. Афсуски, уларнинг сони кун сайин ўсиб бораётир. Қурбонлар сони эса мамлакат миқёсида 160 дан ошиб кетган.
Табиий савол туғилади. Фашизм ғоялари билан қоришиб кетган бу мафкура нега ғарбий Европа ёки АҚШда эмас, айнан Россияда бунчалик оммалашиб бораяпти? Ахир, Собиқ Иттифоқ давлати гитлерчиларни йўқ қилишда энг жонбозлик кўрсатган мамлакат эдику. Рус қариялари ҳалигача уруш даҳшатларини унутмаган бу дамда нега уларнинг неваралари Адолф Гитлернинг туғилган кунини нишонлаётир?
«Инсонларнинг тўдага айланиши учун бир дақиқалик мулоҳазасизлик талаб қилинади, холос», деган эди А.Шопенгауэр. Ана шу бир дақиқалик тафаккурнинг оқсаши туфайли эр ароқхўрга айланади, хотин фарзанд-
ларига бефарқ бўлиб қолади. Бу кулфатнинг касофатидан энг кўп жабрни ёш болалар тортади. Ҳар кунги жанжалдан безган болакай кўчадан паноҳ излайди, қизалоқ онасидан ўрнак олади. «РИА Новости» ахборот
агентлигининг 16 майда тарқатган маълумотларига кўра, Россиядаги 42 миллион оиладан 47 фоизида фарзанд йўқ. Уларнинг 5 миллионида бу ҳол эр ёки хотиннинг носоғломлиги сабаб юзага келган. Мамлакатдаги оилаларнинг 30 фоизи тўлиқсиз. Бундан ташқари, айни пайтда Россиядаги болаларнинг 720 минги етим, шундан 220 минг нафари меҳрибонлик уйларида. Москва давлат думасининг аёллар, оила ва болалар масаласи бўйича вакили Екатерина Лахованинг сўзларига қараганда, ҳозирги кунда Россияда демографик муаммо туфайли ватанга ва оилага нисбатан муҳаббат аянчли аҳволда. Агар ҳукумат томонидан ушбу муаммога доир чора-тадбирлар тизими ишлаб чиқилмаса, вазият таранглашишида давом этаверади. Яна шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, айни пайтда Россияда бир йилда 12 фоиз эр-хотин ажрашади. 7,8 оила бошлиғи ичкиликка берилади. Мамлакатда вужудга келадиган ҳар қандай муаммо ечимини биринчи навбатда худди шу ердан — оиладан излаш лозим.
Айни пайтда фақат ҳукумат кўрсатмаларигина скинхедликка барҳам беришга камлик қилади. Бунинг учун нацизмга қарши тура оладиган бошқа бирон ғоя илгари сурилиши лозим. Чунки миллатчиликнинг қабиҳлик эканини онгли равишда тушунмаса, ҳеч бир восита одамни ўз дунёқарашидан воз кечишга мажбур қила олмайди. Тушуниб етиш учун эса идрок, идрок учун билим эгаллаш лозим. Шундай экан, бундай шафқатсизлик ёшларнинг бекорчилигидан, билимсизлигидан ва албатта, бирор бир касб-ҳунарни эгаллаб, ўз ҳаётини тўғри ташкил эта олмаганлигидан келиб чиққанига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.

Шаҳобиддин Мусаев
«Маърифат» газетасидан олинди.