Шотландия парламенти Хожали қирғинининг 25 йиллиги арафасида ушбу воқеани қораловчи резолюция қабул қилди. Бу ҳақда Trend агентлиги хабар беради.
Парламентдаги барча партиялар умумий розилиги – мутлақ кўпчилик қўллаб-қувватлаши билан қабул қилинган ҳужжат қонун чиқарувчи идоранинг расмий сайтида жойлаштирилган.
Резолюцияда Шотландия ва Озарбойжон ўртасида дўстона ҳамкорлиги мавжудлиги қайд этилиб, 1990-йилларда Озарбойжонга тегишли Тоғли Қорабоғ босиб олингани қораланади. Хожалида 1992 йил февралда юз берган воқеалар эса қатлиом сифатида баҳоланади.
Парламент аъзоларининг 80 фоизи қўллаб-қувватлаган ҳужжатда Хожали қатлиомини содир этганлар инсониятга қарши ҳарбий жиноятни амалга оширган шахслар сифатида қораланиб, келгусида бундай фожиага йўл қўймаслиги лозимлиги уқтирилади.
Резолюцияда қайд этилишича, Арманистон БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан Озарбойжоннинг босиб олинган ҳудудига оид қабул қилинган резолюцияларни инкор этиб келмоқда.
Кейинги йилларда Хожали қирғини бир қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан тан олинмоқда. Ҳозирга қадар Босния ва Герцеговина, Колумбия, Чехия, Ҳондурас, Иордания, Мексика, Покистон, Панама, Перу, Руминия, Серия, Судан ҳамда АҚШнинг 10 дан ошиқ штати парламентлари Хожали воқеаларини қатлиом сифатида тан олиб, ҳужжат қабул қилган.
Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 2012 йил 20 ноябрь Жибутида бўлиб ўтган 39-сессиясида Хожали қатлиомига оид резолюция қабул қилинган. Ташкилот ўз аъзоларини мазкур қирғинни тан олиш бўйича чора-тадбирлар кўришга даъват этган.
1992 йилнинг 25-26 февраль кунлари Арманистон қуролли кучлари Россиянинг Хонкендидаги 366-мотоўқчи полки ёрдамида Озарбойжоннинг Хожали шаҳрида оммавий қирғин жиноятини содир этди. Ўшанда 613 нафар тинч аҳоли қатл этилди, 487 киши жароҳатланди ва 1275 киши асир олинди. Асир олинганларнинг кўпи яқинлари бағрига қайтмади, уларнинг тақдири ҳали-ҳамон номаълум қолмоқда. 366-полк Хонкендидан чиқиб кетгач, унга тегишли ҳарбий техника Арманистон қуролли кучлари ихтиёрига ўтган.
Эслатиб ўтамиз, расмий Боку Тоғли Қорабоғ ва унга туташ 7 та туман (Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизи) Арманистон қуролли кучлари томонидан босиб олинган деб ҳисоблайди ҳамда қўшни давлат ҳарбийлари оккупация қилинган ҳудуддан чиқиши лозимлигини талаб қилади. Арманистон эса тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси манфаатларини ҳимоя қилиб келади.
Гарчи 1994 йилда келишув имзоланган бўлса-да, тўқнашувлар рўй бериб туради. Таҳлилчилар тинчлик келишуви жуда мўрт экани ва исталган пайт тўқнашув рўй бериши мумкинлигидан хавотир билдиради.
Расмий Бокуга кўра, Тоғли Қорабоғ муаммоси БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1993 йил 30 апрель, 1993 йил 29 июль ва 1993 йил 14 октябрда қабул қилган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал қилиниши лозим.
С.Салим