Шоир ва таржимон Мирпўлат Мирзо вафот этди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир ва таржимон Мирпўлат Мирзо 2018 йил 21 февраль куни Тошкент шаҳрида вафот этди.

Мирпўлат Мирзо 1949 йил 20 августда Чимкент вилоятининг Сайрам қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1971).

1971 йилдан “Ёш гвардия” нашриётининг муҳаррири, 1982-86 йилларда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида масъул котиб, “Ёш гвардия” нашриётида бош муҳаррир ўринбосари, “Ёзувчи” нашриётида бош муҳаррир, 1997 йилдан “Жаҳон адабиёти” нашриётида бош муҳаррир ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Мирпўлат Мирзонинг дастлабки шеърий туркуми 1971 йилда «Гулистон» журналида нашр этилди. Илк шеърий тўплами 1975 йилда нашр этилган бўлиб, сўнг «Тонг жилваси» (1976), «Ишқ фасли» (1978), «Яхши кунлар» (1981), «Сунбула» (1985), «Мовий дарё» (1988), «Атиргул ва юлдузлар» (1990), «Онажон», (1995), «Сайланма» (2005) каби 10 дан ортиқ шеърий тўпламлари чоп этилган. Унинг жаҳон шоирлари ижодидан қилган таржималари “Сомон йўли чечаклари” (2004), “Сайра, дўмбирам!” (Қозоқ шеърияти антологияси, 2005), “Ложувард осмон”, “ХХ аср рус шеърияти” номлари билан нашр қилиниб, шеърият ихлосмандларининг меҳрини қозонган.

Мирпўлат Мирзонинг “Сурур”, “Райҳон иси” номли эсселар, публицистик мақолалар ва адабий суҳбатларни ўз ичига олган китоблари ҳам адабий жамоатчилик томонидан алоҳида эътибор билан қабул қилинди.

Мирпўлат Мирзо таржимасидаги Г. Лессингнинг “Донишманд Натан”, В. Шекспирнинг “Ёз туни ғаройиботлари” пьесалари Миллий театримиз саҳнасида муваффақият билан қўйилди.

Мирпўлат Мирзо ижодий фаолияти Борис Пастернак номидаги (1999) ва “Алаш” (2001) номли халқаро мукофотлар билан тақдирланган.

Шоирнинг яқинларига таъзия изҳор этамиз.