Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабати давом этади. Бу ҳақда Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 2017 йил 17 январь куни Москвада бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилган.
“Икки томонлама иттифоқчилик алоқаларимиз халқаро ҳуқуқ даражасида мустаҳкамланган. Биз Ўзбекистоннинг янги Президенти ва янги раҳбарияти шубҳасиз алоқаларни ворисийлик асосида давом эттириш ниятида, деб ҳисоблаймиз. Биз буни қизғин қўллаб-қувватлаймиз”, – деган Россия ташқи сиёсат маҳкамаси бошлиғи.
Шунингдек, С.Лавров ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган қўшимча имкониятлар халқларимиз манфаатига хизмат қилишини таъкидлаган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам аввалроқ дунё мамлакатлари, жумладан, Россия билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатлари давом эттирилишини маълум қилган эди.
“Ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши бу – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари билан алоқаларимизни мустаҳкамлашдан иборат. Биринчи навбатда, Россия Федерацияси билан Стратегик шериклик, Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномалар ва бошқа муҳим келишувлар асосида дўстони алоқаларни изчил ривожлантириш ва кучайтириш икки мамлакат манфаатларига жавоб беради ва минтақада барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади”, – деб таъкидлаган Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқидаги.
Эслатиб ўтамиз, 1992 йил 20 мартда икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган. Ўтган чорак аср давомида стратегик шериклик ва иттифоқчилик тамойилларига асосланган ҳамкорлик изчил ривожланмоқда.
Айтиш керакки, икки давлат ҳамкорлигиннг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилган. Жумладан, 1992 йил 30 майда “Давлатлараро муносабатларнинг асослари, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида”, 2004 йил 16 июнда “Стратегик шерикчилик тўғрисида”, 2005 йил 14 ноябрда эса “Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида” шартномалар имзоланган. Шунингдек, 2012 йил 4 июнда имзоланган “Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисида”ги декларация ўзаро ҳамкорлик кўламини янада кенгайтирди.
Собир Салим