Ўзбек романи асосчиси, буюк адиб Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги муносабати билан Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида Тадқиқотлар ва маърифий алоқалар марказида “Ўзбек романи. Адиб Абдулла Қодирийнинг ҳаёти ва ижоди” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Семинарда Ахборот ва араб-рус тадқиқотлари маркази академик директори, Подшо Сауд университети профессори Муртазо Сайдумаров маъруза қилди. Ушбу тадбирни марказнинг Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ бўлими мудири доктор Аид ибн Мухаммад Ол Рубаййиъ олиб борди.
Мазкур илмий-амалий семинарда Ўзбекистон Республикасининг Саудия Арабистонидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Улуғбек Мақсудов иштирок этди.
Семинар бошиланишида адиб Абдулла Қодирий (1894-1938) ҳақида “Қодирий боғи” номли ҳужжатли фильм араб тилидаги субтитрлар билан намойиш этилди. Сўнг Муртазо Сайдумаров Қодирийнинг ҳаёти – таълим олиши, ёзувчилик фаолиятининг бошланиши ва адиб сифатида шаклланиши, унинг ижодий фаолияти, энг муҳим романлари ва фожиали вафоти ҳақида сўзлаб берди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикасининг Саудия Арабистонидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Улуғбек Мақсудов сўзга чиқиб, Абдулла Қодирийнинг ўзбек халқи қалбида тутган ўрни ва аҳамияти, унинг Ўзбекистон халқининг рамзи эканлиги ҳақида, унинг номи билан Ўзбекистонда олий ўқув юрти, бир қатор кўчалар, маҳаллалар ва парклар аталгани, Қодирий номидаги давлат мукофоти, талабалар учун стипендиялар таъсис этилгани ҳақида сўзлади ҳамда Тадқиқотлар ва маърифий алоқалар марказига бу буюк ўзбек рамзига бағишлаб ушбу тадбирни ташқил этгани учун миннатдорчилик билдирди.
Сўнг йиғилиш иштирокчилари ва маърузачи ўртасида адибнинг ҳаёти ва ижоди, ўзбек ва саудия адабиётидан ўзаро таржималарнинг аҳамияти ҳақида қизғин суҳбат бўлиб ўтди.
Семинардан сўнг марказ томонидан Ўзбекистон Элчихонасидан ташриф буюрган меҳмонлар, семинар қатнашчилари, зиёлилар ва тадқиқотчилар шарафига зиёфат берилди.