Санкт-Петербург – дунёнинг сайёҳлик пойтахти

Россиянинг муаззам шаҳарларидан бири Санкт-Петербург 2016 йилда дунёнинг сайёҳлик пойтахти деб эълон қилинди. Бу ҳақда бир қатор оммавий ахборот воситалари 5 декабрь куни хабар тарқатди.

World’s Leading Cultural City Destination мукофотини топшириш маросими Мальдив оролларида бўлиб ўтди. Мазкур нуфузли мукофот учун Россиянинг Шимолий пойтахтидан ташқари Пекин, Лондон, Нью-Йорк, Париж, Рио-де-Жанейро, Рим, Сидней, Венеция каби довруқли шаҳарлар кураш олиб борди.

Сайёҳлик соҳасидаги “Оскар” саналган мазкур мукофот 1993 йилда таъсис этилган. Мукофот соҳиби минглаб сайёҳлар ва мутахассислар ўртасидаги ўтказиладиган ижтимоий сўровга кўра аниқланади. Ғолибни аниқлашда хавфсизлик, инфраструктура ва меҳмонхоналар тармоғининг тараққий этгани каби омилларга таянилади.

Дарвоқе, жорий йил сентябрда World Travel Awards мутахассислари Санкт-Петербургни Европанинг дам олиш учун энг яхши шаҳри сифатида эътироф этган эди. Американинг бир неча миллион ададда чоп этиладиган “Travel+Leisure” журнали эса Петербургни романтик шаҳарлар рўйхатига киритган эди.

Ушбу азим шаҳарга бир бор бўлса-да ташриф буюриб, унинг гўзаллигидан баҳраманд бўлган сайёҳ юқоридаги мукофотларнинг барчаси ҳақли равишда берилганига ишонч ҳосил қилиши шубҳасиз.  

Империянинг илк бошкенти

Тарихий манбаларга кўра, бугунги Санкт-Петербург ҳудудида тахминан 12 минг йил аввал музлик даври тугаб, дастлабки тураржойлар пайдо бўлган. Мазкур минтақада бир неча асрлар давомида шарқий славян элатлари истиқомат қилиб келган. Шаҳар ҳудуди бир муддат швед давлати қаламравида ҳам бўлган. 1700 йилда бошланган Шимолий урушдан кейин Нева дарёси бўйидаги мазкур унумдор ер яна Русия империясига ихтиёрига ўтган. Санкт-Петербургнинг тамал тоши 1703 йил май ойида император Пётр I томонидан қўйилган. Ислоҳотчи император ўта қулай ва стратегик минтақада жойлашган шаҳарни тез муддатда қуриб битказишга фармон берган. Шу тариқа мазкур ҳудудда бирин-кетин мустаҳкам қалъа ва муаззам иморатлар қад ростлаган. 1712 йилда эса Санкт-Петербург Русия давлатининг бошкенти – пойтахти деб эълон қилинган. Пётр шаҳри икки асрдан ошиқроқ вақт давомида (1918 йилга қадар) пойтахт вазифасини адо этган.

Европага дарча

Санкт-Петербург номининг келиб чиқиши ҳам ўқувчиларга қизиқ бўлса керак. Бу олмончада “Авлиё Пётр шаҳри” деган маънони билдиради. Манбаларда ёзилишича, император Пётр I ҳаворий Пётрни ўзига маънавий раҳнамо деб билган ва шу боис ҳам янги бунёд этилган кентга ўзи ихлос қўйган зотнинг номини берган.  Шу тариқа 1914 йилга қадар шаҳар Санкт-Петербург деб аталиб келди. Ўша йилнинг августида шаҳар Петроград деб атала бошлади. Россияда император ҳокимияти ағдарилиб, шўро тузуми ўрнатилгач эса, 1924 йил 26 январда кўҳна шаҳарга Ленинград номи берилди. 1991 йил 12 июнда ўтказилган референдумдан кейин шаҳарнинг тарихий номи қайта тикланди.

Санкт-Петербург Маданий пойтахт, Шимолий пойтахт, Иккинчи пойтахт, Шимолий Венеция, Шимолий Пальмира, Невоград сингари рамзий номлар билан ҳам аталади. Рус халқининг улуғ шоири  Александ Пушкин эса “Мис отлиқ” поэмасида кўҳна ва навқирон шаҳарни “Европага дарча” дея сифатлаган эди.

Миллионлаб осори атиқа, 8 минг тарихий обида

Санкт-Петербургга келган сайёҳ шаҳарнинг бой ўтмиши борасида тўлиқроқ тасаввур ҳосил қилиш учун камида бир ҳафта айланиши керак. Негаки, Маданий пойтахтда нақ 8 мингга яқин меъморий обида бор, ўнлаб музейларда эса юз минглаб осори атиқалар кўз қорачиғидек авайлаб сақланмоқда. 1990 йили шаҳарнинг тарихий маркази ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилгани ҳам бежиз эмас.

Нева бўйидаги сокин ва ораста тошкўчаларни кезар экансиз, беихтиёр ҳассос адиб Николай Гоголнинг “Нева шоҳкўчаси” қиссалари қаҳрамонларини кўргандек бўласиз. Петропавловск қалъаси, Қишки ва Ёзги сарой каби улуғвор меъморий обидаларни томоша қилиб, империянинг бир неча асрлик тарихидан воқиф бўласиз. Дарё бўйлаб қурилган саноқсиз кўҳна кўприклардан ўтар экансиз, шаҳарликларн бунёдкорлик қобилиятига тан берасиз.  Шаҳардаги ўнлаб театрларга тушиб, рус ва жаҳон драматургияси дурдоналаридан баҳраманд бўласиз. Эрмитаждек жаҳоннинг энг бой музейига кириб эса инсоният тарихи ва маданиятига доир бебаҳо бойликларга ошно тутинасиз. Кўплаб сайёҳлар Петербургга айнан Эрмитаж музейини зиёрат қилиш учун келади. Зеро, ушбу масканда тош давридан бизнинг давримизга қадар 3 миллионга яқин ноёб экспонат сақланади.

Шимолий пойтахт бетакрор тарихий обидалари, сўлим табиати билан минглаб сайёҳларни ром этмоқда. Маълумотларга кўра, шаҳарга ҳар йил ўртача 2 миллион сайёҳ ташриф буюради.

   

Петербург тилсимининг калити борми?

Санкт-Петербург азалдан илм-фан ва таълим бешиги бўлиб келган. Россия Фанлар академиясининг 70 дан ошиқ муассасаси ушбу шаҳарда жойлашган. Илм даргоҳларида 170 мингдан ошиқ илмий ходим, жумладан, 10 мингга яқин фан доктори фаолият юритади. Шаҳарда 56 та давлат ва 45 та хусусий олий ўқув юрти мавжуд.  Таълим сифати йил сайин ошиб бораётгани сабабли Петербург олий таълим даргоҳларида таҳсил олиш истагидаги хорижликлар сони ҳам кўпаймоқда. Дарвоқе, улар орасида ўзбекистонлик талаба ёшлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Айни вақтда Россия бўйича 17 мингдан ошиқ ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг салмоқли қисми Санкт-Петербург олий ўқув юртларини танлангани диққатга сазовордир.  

“Петербургнинг ўз тилсими бор – у қалбингизда ўчмас из қолдиради. Бу шаҳарда туғилиб вояга етган ёки жиллақурса ёшлигини ўтказган инсонни бир кўришдаёқ билиб олиш қийин эмас”, – деб ёзган эди атоқли шоир, Нобель мукофоти совриндори Иосиф Бродский. Хўш, шоир айтган тилсимнинг калити борми? Бизнингча, Санкт-Петербург тилсимини ечиш учун албатта бу шаҳарга сафар қилиш лозим.

Собир Салим