10 февраль куни Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида Дипломатик ходимлар куни муносабати билан тантанали қабул маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари С.Ниёзхўжаев, Олий Мажлис Сенати Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси С.Сафоев, шунингдек, хорижий давлат дипломатик корпуслари раҳбарлари қатнашди.
Тантанада сўзлаган Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев Москва зиддиятларга йўл қўймаган ҳолда, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш сиёсатини юритаётганини қайд этди.
Элчига кўра, дунёда беқарорлик ҳукм сураётган, террор таҳдиди кучайган ва зиддиятлар авж олган бир паллада дипломатик фаолиятнинг аҳамияти ошиб бораётир.
“Шу муносабат билан айни кунларда таваллудининг 575 йиллиги кенг нишонланаётган буюк шоир ва пешқадам мутафаккир Алишер Навоийнинг байтини келтирмоқчиман. Ушбу мисралар кўп аср аввал айтилган бўлса-да, ҳали ҳам умрбоқийдир: “Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ, / Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш”, – деди Россия элчиси ўз чиқишида.
Қайд этилишича, Россия ташқи сиёсатда очиқлик, прагматик ёндашувни ёқлайди, зиддиятларга бормасликни афзал билади. 2015 йил якунида янги таҳрирда қабул қилинган Миллий хавфсизлик стратегиясида ҳам айни шу жиҳат назарда тутилган.
Дипломатнинг таъкидлашича, ХХI асрда давлатлараро ҳамкорлик халқаро ҳуқуққа таянган ҳолда, БМТнинг мувофиқлаштируви асосида, ўзаро манфаат ва ҳурмат руҳида олиб борилиши керак. Бу жиҳатдан, Россия Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги стратегик ҳамкори ва иттифоқчиси деб билади.
“Чин маънода дўстлик ва ўзаро ҳурматга асосланган Россия–Ўзбекистон алоқалари изчил ривожланиб бормоқда ва катта салоҳиятга эга. Конструктив сиёсий мулоқот асносида биз иқтисодий алоқаларни кучайтирамиз, гуманитар муосабатлар сарҳадини кенгайтирамиз, маданий робиталарни янги босқичга олиб чиқамиз. Биз юзага келаётган зиддиятларни сиёсий-дипломатик йўл билан мувофиқлаштиришнинг устуворлиги борасида ҳамфикрмиз, миллий, минтақавий ва халқаро хавфсизликни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш лозим деб ҳисоблаймиз”, – деди элчи В.Тюрденев.
Эслатиб ўтамиз, Россия Президенти Владимир Путиннинг 2002 йил 31 октябрдаги фармонига кўра, 10 февраль санаси Дипломатик ходимлар куни сифатида байрам қилинади.
Cобир Салим