2022 йил давомида Қозоғистоннинг энг кўп сайёҳ ташриф буюрган 5 та табиат маскани рўйхати эълон қилинди. Мамлакат маданият ва спорт ишлари вазирлиги маълумотига кўра, ўтган йили сайёҳлар орасида энг машҳур жой Иле-Алатау миллий боғи бўлди. Бу масканга 628 минг сайёҳ ташриф буюрган.
Бурабай миллий табиат боғи эса 550 мингдан ортиқ сайёҳни қабул қилган.
Рўйхатда учинчи ўринни эгаллаган Кўлсай кўлларига борган сайёҳлар сони 190 минг нафардан ошган.
Баянаул миллий боғи (85 минг сайёҳ) ва Чорин каньони (45 минг сайёҳ) рўйхатда тўртинчи ва бешинчи ўринда қайд этилган.
Маълумотларга қараганда, 2022 йилда Қозоғистонга 610 мингдан ортиқ хорижий меҳмон ташриф буюрган.
Яқинда мамлакат маданият ва спорт ишлари вазирлиги 2023-2029 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш концепциясини жамоатчилик муҳокамасига қўйган эди. Унга кўра, кейинги 6 йил ичида туризм соҳасида бандликни 800 минг кишига, маҳаллий сайёҳлар сонини 11 миллион кишига, чет эллик сайёҳлар сонини эса 4 миллион кишига етказиш режалаштирилган.