Қозоғистон ва Ўзбекистон товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказмоқчи

Қозоғистон ва Ўзбекистон бош вазирлари Алихон Смаилов ва Абдулла Арипов Алматида бўлиб ўтган Евроосиё ҳукуматлараро комиссияси йиғилишидан сўнг ҳамкорликнинг муҳим масалаларини муҳокама қилдилар. Бу ҳақда “Kazinform” Қозоғистон ҳукуматига таяниб хабар берди.

Томонлар савдо-иқтисодий, транспорт-транзит ва сув-энергетика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, саноат кооперацияси ва қишлоқ хўжалигида қўшма қадамларни ишлаб чиқиш режаларини ишлаб чиқдилар.

Алихон Смаилов республикалар ўртасидаги мустаҳкам ва аҳил муносабат барча соҳаларда жадал ривожланиб бораётганини таъкидлади. Ўтган йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 30 фоизга ошиб, режалаштирилган 5 миллиард долларга етди.

“Бу бизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли мумкин бўлди. Эндиликда юқори даражада қўйилган вазифаларга мувофиқ, ўрта муддатли истиқболда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш зарур”, – деди Қозоғистон бош вазири.

Унинг сўзларига кўра, бу борада ўтган йили имзоланган йўл хариталарининг ўз вақтида амалга оширилиши, Қозоғистон–Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссиясининг изчил фаолияти муҳим аҳамиятга эга.

“Қозоғистон ҳукумати ўзаро ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича фаол мулоқотга тайёр”, – деди А.Смаилов.

Ўз навбатида, Абдулла Арипов мамлакатлар ўртасида саноат кооперацияси, айниқса, автомобилсозлик соҳасида ижобий тажриба мавжудлигини таъкидлади. Нефть-газ, кимё, энергетика, металлургия ва бошқа соҳаларда истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

“Қишлоқ хўжалиги ва транспорт-логистика, айниқса, янги транспорт йўлакларини ривожлантириш борасидаги яқин ҳамкорликни алоҳида таъкидлаш жоиз. Биз мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни ҳам юксак қадрлаймиз, бу бизга қардош халқлар ўртасидаги ҳамкорлик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш имконини беради”, – деди А.Арипов.