Қозоғистон ҳамда Туркия ўртасидаги муносабатлар “кенгайтирилган стратегик шериклик” даражасига кўтарилмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Туркия етакчиси Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Анқарада кечган учрашувида маълум қилинди.
Туркия президенти қароргоҳида икки давлат раҳбари стратегик шерикликни янада ривожлантириш истиқболларини атрофлича муҳокама қилдилар. Савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Давлат раҳбарлари, шунингдек, долзарб глобал ва минтақавий муаммолар, халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик бўйича ҳам фикрлашдилар.
Қ.Тўқаев Туркияда кўрсатилган ҳурмат ва меҳмондўстлик учун президент Эрдўғонга миннатдорлик билдириб, турк тупроғига қадам қўйганда ўзини ҳар доим ўз уйидагидек ҳис қилиши, Онадўли ҳам иккинчи ватан эканини қайд этди.
“Бугун Туркия сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар тараққиёт йўлида улкан муваффақиятларга эришди. Минтақавий ва глобал аҳамиятга молик муаммоларни ҳал этишдаги фаоллиги, матонати билан жаҳон миқёсида муносиб ўрин эгаллади. Шу муносабат билан, ҳурматли Эрдўғон жаноблари, кучли Туркияни орзу қилган сиёсатчи сифатида сизга муваффақиятлар тилайман. Туркия Қозоғистоннинг Евроосиё қитъасидаги энг муҳим ва ишончли ҳамкорларидан биридир. Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасидаги муштарак тарих ва маънавий меросга асосланган муносабатларимиз стратегик шериклик даражасида ривожланиб, илгарилаб бормоқда. Қозоқ халқининг “Бойликдан ортиқ дўстлик бор, аммо дўстликдан ортиқ бойлик йўқ” деган сўзлари сизнинг чин дўст, меҳрибон биродар эканлигингиздан далолатдир”, – деди президент Қ.Тўқаев.
Туркия президенти ҳам икки давлат ўртасидаги муносабатларни янги босқичга кўтаришга тайёрлигини билдирди ва Қозоғистонда олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлади.
“Ҳамкорлигимизни кенгайтирилган стратегик шериклик даражасига кўтардик. Туркия ва Қозоғистон ўзаро мустаҳкам ришталарга, муштарак тарих, тил, диний ва маданий қадриятларга эга қардош давлатлардир. Биз Туркия Қозоғистон барқарорлиги ва тинчлигига алоҳида эътибор қаратамиз. Мен сизнинг янги Қозоғистонни яратишдаги саъй-ҳаракатларингиз ва матонатингизни ҳурмат қиламан. Мен сизнинг бу борадаги кенг кўламли ислоҳотларингизни қўллаб-қувватлайман”, – деди президент Эрдўғон.
Мулоқот чоғида қайта ишлаш ва қайта ишлаш саноати, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшма сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш, транспорт-транзит ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Транскаспий халқаро транспорт йўналиши салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Рақамлаштириш ва илғор технологиялар, туризм ва таълим соҳасидаги ҳамкорликка эътибор қаратилди. Шунингдек, Туркия томонига Қозоғистонда базавий техник олий ўқув юртларининг филиалларини очиш таклиф қилинди.
Музокаралар якунида президентлар кенгайтирилган стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма баёнотни имзоладилар.
“Kazinform” агентлиги хабарига кўра, Қозоғистон президентининг Туркияга ташрифи доирасида 14 та ҳужжат имзоланди. Улар орасида оммавий ахборот воситалари ҳамда ахборот технологиялари соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар, ҳарбий разведка соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома, таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисида келишув бор.