Қозоғистон элчиси мамлакатдаги янги сиёсий ислоҳотлар моҳиятини тушунтирди

Бугун, 17 май куни Тошкентда Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси билан, “Билим карвони” нодавлат илмий муассасаси томонидан давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда жорий йил 5 июнь куни референдумга қўйиладиган Қозоғистон Конституциясига ўзгартиришлар киритишга доир қонун лойиҳаси муҳокама этилди.

Илмий машваратда элчихона ходимлари, олимлар, халқаро тузилмалар экспертлари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Дархон Сатибалди мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев томонидан илгари сурилган конституциявий-сиёсий  ислоҳотлар ҳақида батафсил сўзлаб берди.

Гап шундаки, жорий йил 16 март куни Қ.Тўқаев мамлакат халқига йўллаган мурожаатида жиддий сиёсий ислоҳотларни амалга оширган ҳолда янги Қозоғистон барпо этилишини эълон қилди.

“Қозоғистон тараққиётининг сиёсий моделини ўзгартириш учун барча қадамлар қўйилиши керак. Мен суперпрезидентлик бошқарув моделидан кучли парламентга эга президентлик республикасига бутунлай ўтиш ҳақида гапиряпман. Бундай тизим ҳокимият институтларининг оптимал мувозанатини таъминлайди ва мамлакатнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади. Бизнинг олдимизда парламент ролини кучайтириш вазифаси турибди. Бу “Халқ овозини эшитадиган давлат” концепциясини муваффақиятли амалга оширишга замин яратади. Келажакда қандай давлат бўлишимизни аниқ биламиз. Биз янги Қозоғистонни фуқаролик жамиятига эга самарали давлатга айлантирамиз. Бу борада биз “Кучли президент – ​​нуфузли парламент – ​​ҳисобдор ҳукумат” тамойилига амал қиламиз” , – деган эди Қ.Тўқаев.

Давра суҳбатида иштирок этган олимлар ҳамда экспертлар ҳам Қозоғистонда демократлашув йўлидаги ислоҳотлар, Конституцияга киритилиши кутилаётган ўзгартиришларга тўхталдилар.

“Билим карвони” илмий муассасаси раҳбари, таниқли сиёсатшунос Фарҳод Толипов эса  Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги мавзусида маъруза қилди.

Сўнгги ижтимоий сўров натижаларига кўра, қозоғистонликларнинг 76,4 фоизи референдум ўтказиш ғоясини қўллаб-қувватлаган.