Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди журналистлар ўртасида “Инсон ҳуқуқлари журналист нигоҳида” мавзуидаги ижодий танловни эълон қилади. Танлов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг молиявий кўмагида ўтказилади.
Танлов шартлари
Танловга 2014 йилнинг 1 январидан 1 декабрига қадар республика босма оммавий ахборот воситалари ва интернет нашрларида эълон қилинган, Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси, мамлакатимизда инсон ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва уларнинг амал қилиши, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш, шахсни ҳар томонлама камол топтириш, ёшларнинг демократик фуқаролик жамияти барпо этишда фаол иштирок этиши учун зарур ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий шароит яратишга қаратилган мавзулардаги ахборот-таҳлилий, публицистик ва фото материаллар қабул қилинади.
Танловга тақдим этилган материаллар мамлакатимизда фаолият олиб бораётган босма оммавий ахборот воситалари, интернет нашрларда чоп этилган бўлиши зарур.
Материаллар ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тилларида тақдим этилиши мумкин. Эълон қилинган материаллар, фоторепортажлар босма ва интернет нашри аниқ кўрсатилган, электрон ва босма нусхада бўлиши лозим.
Ижодий ишларга муаллиф тўғрисида маълумотлар (фамилияси, исми, профессионал фаолияти тўғрисида қисқача маълумот, паспорт нусхаси) илова қилинади.
Танлов ғолибларига мукофотлар
Ғолиблар диплом ва қимматли совғалар (телевизор, ноутбук, планшет) билан тақдирланади.
Материаллар “Инсон ҳуқуқлари журналист нигоҳида” мавзуидаги ижодий танловга” деган қайд билан Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондига 2014 йил 10 декабрга қадар қуйидаги манзилга жўнатилади:
Тошкент шаҳри – 100129, Навоий кўчаси 30-уй, 3-қават, 5-хона.
Телефон/факс: 244-14-28, 244-12-51/
Web: www.mmf.uz
e-mail: [email protected], [email protected]