Дунёда катта сиёсат каби нозик ва мураккаб соҳа топилмаса керак. Бу йўлга кирган одам ҳар бир сўзи, ҳар бир хатти-ҳаракатини назорат қилиш шарт. Чунки катта сиёсат вакиллари — давлат раҳбарлари, арбоблар ҳар доим омма нигоҳида бўлишади. Биргина айтилган ножўя сўз, биргина ташланган бежо қадам охир-оқибат сиёсатдоннинг обрўсини ерпарчин қилиши ҳеч гап эмас. Яқиндагина Венгрияда рўй берган сиёсий инқироз — бутун мамлакатни қамраб олган норозилик чиқишларига ҳам мамлакат бош вазирининг биргина нутқи сабаб бўлди. Ҳукуматнинг 2006 йил май ойида ўтказилган ёпиқ мажлисида Венгрия бош вазири Ферентс Дюрчан мамлакатнинг ривожланиш ҳолатини қаттиқ танқид қилади. Бош вазир мажлис ёпиқлигини инобатга олиб, мамлакатдаги аҳвол хусусида ҳукумат раҳбарига хос бўлмаган кескин ва очиқ гапларни айтади: «Биз катта йўқотиш қилдик. Европанинг бирорта ҳам давлати биз каби аҳмоқона ишга қўл урмади. Аҳволни яхшилаш ўрнига эртаю кеч ёлғон сўзладик. Мамлакат иқтисоди фақатгина Яратганнинг илоҳий мадади, жаҳон иқтисодида пул вазнининг юқори бўлгани ва юзлаб фокуслар воситасидагина сақлаб қолинди». Бош вазир ёпиқ йиғиндаги ушбу очиқ баёнотни Венгрияда аҳволни яхшилаш мақсадида айтган бўлиши эҳтимол. Бироқ у ҳукумат таркибида мухолифлар ҳам борлигини бир лаҳза унутиб қўйди. Орадан ярим йилча вақт ўтиб, бош вазир нутқи махфий равишда ёзилган 25 дақиқалик плёнка Венгрия радиоси ходимлари қўлига «тасодифан» тушиб қолди. Радио ижодкорлари ҳам шов-шувли материални сақлаб ўтирмай, намойиш қилиб юборишди. Оқибатда, бутун мамлакатни қамраб олган норозилик намойишлари авж олиб кетди.
Венгрия бош вазири Ферентс Дюрчанку, бир амаллаб ўз лавозимини сақлаб қолди. Бироқ тарихга бир назар солганда, махфий ёзувлар туфайли айрим давлат раҳбарларининг истеъфога чиқишга мажбур бўлганини ҳам кузатиш мумкин.
Махфий ёзувларнинг энг катта қурбони — Америка президети Ричард Никсон. «Уотергейт» номи билан машҳур бўлган можаро ҳақида кўпчилик газетхонлар хабардор. 1970-йилларда Қўшма Штатларда кучайиб кетган сиёсий курашлар даврида Ричард Никсон мухолифлари — демократларга қарши курашнинг ноқонуний йўлини танлаган эди. Ўшанда президентнинг буйруғи билан демократларнинг «Уотергейт» меҳмонхонасида ўтаётган йиғинини тинглаш учун махфий ускуна ўрнатилган эди. Мухолиф кучларнинг сиёсий режаларини бамайлихотир тинглаган Ричард Никсон айни шу қилмиши сабабли яқин кунларда ишдан кетишини кутмаганди. Бироқ «Вашингтон пост» газетасининг тиниб-тинчимас мухбирлари Боб Вудворд ва Карл Бернштейн текширувлар орқали президентнинг жиноий ҳаракатини фош қилишди. Пировардида махфий ёзувлар туфайли Ричард Никсон муддатдан олдин истеъфога чиқишга мажбур бўлди.
Орадан чорак асрча вақт ўтиб шунга ўхшаш воқеа Украинада рўй берди. Тарихга «Кучмагейт» номи билан кирган можаро Украина президенти Леонид Кучманинг махфий сўзлашувлари билан боғлиқ. Гап шундаки, президент қўриқчиларидан бири давлат раҳбарини муҳофаза қилишдан ташқари унинг ҳукумат мансабдорлари билан суҳбатларини ҳам ёзиб юрган. Кейинроқ эълон қилинган махфий ёзувларда қайд этилишича, ўзини анчайин эркин ва дадил тутган, ҳаттоки сўкишлар билан суҳбатларни «бойитган» президент ўз қўл остидаги орган ходимларига мухолифатнинг илдизини қирқиш борасида жиддий кўрсатмалар берган. Ҳаммасидан ҳам Леонид Кучма томонидан махсус хизматларга амалдаги ҳукуматга мухолифатда бўлган журналист — Георгий Гонгадзени йўқ қилиш ҳақида буйруқ берилгани ва шундан кўп ўтмай эркин фикрли журналистнинг қатл этилгани Украинада катта сиёсий инқироз бошланишига олиб келди. Ва, айтиш керакки, Леонид Кучманинг мажбурий истеъфосига кўп жиҳатдан ана шу махфий ёзувлар сабаб бўлди.
Яширин ёзувлар «балоси»дан Европа раҳбарлари ҳам омон қолишмаган. Маргарет Тетчердан кейин Буюк Британияни идора қилган бош вазир Жон Мейжор мамлакати учун кўп эзгу ишларни қилган. Бироқ консерваторлар партияси етакчисининг ҳамма яхши ишлари у ёқда қолиб ҳозиргача инлизлар энг аввал унинг ўз яқин аъёнларини сўкканини эслашади. Европа Иттифоқи билан муносабатларда ўз қўл остидаги раҳбарлар билан келишолмаган бош вазир уларни беихтиёр ҳақорат қилганди. Кейинроқ маълум бўлишича, бош вазирнинг оғзидан чиққан нохуш сўзлар аудиотасмага муҳрланган экан.
Белорус президенти Александр Лукашенко билан боғлиқ ҳодиса ҳам кўп муҳокамаларга сабаб бўлган. ОАВ ходимлари билан учрашган пайтида ҳар бир сўзи ёзилаётганидан бехабар Белорус раҳбари Адолф Гитлер ўрганса ва тақлид қилса арзийдиган президент республикаси модельини яратгани ҳақида гапириб юборган эди…
Абдул Собир
«Ҳуррият» газетасидан олинди