23 май куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Оқсаройда мамлакатга расмий ташриф билан келган Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазири Ван Ини қабул қилди.
ЎзА хабарига кўра, учрашувда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасидаги тадбирлар ҳамда ХХР Раисининг Ўзбекистонга давлат ташрифи муҳокама қилинган.
Ўзбекистон етакчиси мамлакатлар ўртасида барча йўналишлардаги изчил ва ишончли ҳамкорликни юксак қадрлашини таъкидлади.
Музокараларда ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг мамлакатимизга бўлажак давлат ташрифи ўзаро муносабатларни янада ривожлантиришда муҳим босқич бўлиши қайд этилди.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. 2015 йилда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш 4,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган Хитой инвестицияси 6,5 миллиард доллардан ошди. Мамлакатимизда Хитой капитали иштирокида ташкил этилган 651 корхона фаолият кўрсатмоқда.