Польша: манфаатлар тўқнашаётган мамлакат

АҚШ томонидан Полша ва Чехия давлатлари ҳудудида ракета ҳужумидан мудофаа тизими қурилиши тўғрисида хабарлар тарқалган илк пайтларданоқ ушбу ташаббус қизғин мунозараларга сабаб бўлди. Россия ушбу ҳаракат ортида минтақа хавфсизлиги учун катта бир хатарни кўрди. Расмий Вашингтон эса бу бор-йўғи ракета ҳужуми эҳтимолида қўлланадиган тизим эканини билдирди.

Охир-оқибат, ушбу ташаббус ҳар икки давлат – Полша ва Чехия томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. Хусусан, Полша бош вазири Ярослав Качинский Вашинг­тон таклифини расмий Варшава қабул қилганини билдираркан, бу Россия томони хавфсираётганидек, минтақанинг қолган давлатларига таҳдид қилмаслигини эслатиб ўтди. Шу тариқа Полша раҳбарияти океанорти давлати билан иттифоқчиликда давом этажагини такрор намойиш этди.

Cўнгги йилларда Шарқий Европа мамлакатларининг дунё сиёсатида таъсири ошганини кузатиляпти. Хусусан, АҚШ ва Россия ўртасида минтақа учун манфаатлар кураши кетаётган бир пайтда 1990 йилларда социализм йўлидан воз кечиб, Ғарбга хос иқтисодий тараққиёт йўлини танлаган Полша ҳар икки катта давлатнинг диққат марказида турибди.

Собиқ социалистик лагерьнинг эътиборли давлатларидан бири бўлган Полшада 1990-йиллардаги сиёсий янгиланишлар даврида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Мамлакатда хоҳ иқтисодий, хоҳ сиёсий, хоҳ маданий жаб­ҳада бўлсин, оммавий равишда янгиланишлар рўй берди. Бу жараёнда мамлакатнинг кўп йиллик иттифоқчи давлати бўлган Россия билан муносабатлари ҳам ўзгарди. Полша собиқ Иттифоқ пайтида социалистик лагерь давлатлари қатори Москванинг таъсир доирасига кирган бўлса, янги хал­қаро муносабатлар даврида мамлакат раҳбарияти қўшни давлат таъсиридан халос бўлиш сиёсатини олиб борди. Полша очиқ-ошкора Европага юз бурди. Мамлакат дунёнинг энг етакчи бирлашмаларидан бири бўлган Европа Иттифоқига аъзо бўлишга интилди.

Полшанинг Европа уйига қўшилиш ҳаракатини Иттифоқ раҳбарияти қучоқ очиб қабул қилди. Полшанинг минтақадаги энг кўп аҳолига эга экани, шунга яраша мамлакатда ишсизлик, уй-жой билан боғлиқ иқтисодий муаммолар ошиб-тошиб ётгани ҳам мамлакатнинг Иттифоққа киришига тўсиқ бўла олмади. Шу тариқа 39 миллион аҳолига эга давлат 2004 йилнинг майида Европа Иттифоқига қабул қилинди.

Очиғи, Полшанинг Европа уйи­га киришида Иттифоққа аъзо давлатлар Варшавага ён босишди. Акс ҳолда, аҳолисининг 17 фоизи ишсиз бўлган давлат ҳеч қачон ЕИ каби иқтисодий талаб ва шартлари баланд бўлган бирлашмага киролмаган бўларди.

Полшанинг Европа Иттифоқига кириши ҳақиқий геосиёсий курашлар манзарасида рўй берди. Бу билан Европа давлатлари Россия каби энг асосий рақобатчисига ҳудудий жиҳатдан яқинлашди. Кремл ўша пайтда Полша, Чехия каби Шарқий Европа давлатларини Иттифоқ билан Россия ўртасидаги ўзига хос бетараф ҳудуд сифатида сақлашга уринаётган эди. Европа уйининг бу тариқа кенгайиши табиий равишда Москва учун кўп мураккабликлар келтириб чиқарди. Европа Иттифоқининг кенгайиши билан Россия ва минтақа давлатлари ўртасида ҳарбий соҳада ҳам айрим келишмовчиликлар юзага келди.

НАТОга қарши ҳарбий блок сифатида тузилган Варшава шартномаси ташкилоти 1990 йилларга қадар фаолият юритганди. Ташкилотнинг асосчиси собиқ Совет давлатининг тарқаб кетиши билан ҳарбий иттифоқ ҳам ўз-ўзидан тугатилди. Ана ўша мураккаб вазиятда Шарқий Европа давлатлари олдида мустаҳкам ҳарбий таянч ва иттифоқчи топиш масаласи кўндаланг турарди. Сиёсий курсни Европа томон бурган Полша ҳарбий соҳада ҳам Иттифоқнинг мададига ишонч билдирди. Расмий Варшаванинг мудофаа борасида иттифоқчи топиш ҳаракати мамлакатнинг 1990 йиллар охирида НАТО – Шимолий Атлантика ҳарбий иттифоқига кириши билан якунланди.

Полшанинг НАТОга аъзо бўлиши бир қарашда мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги муаммоларга ечим топгандай эди. Бироқ Полша фақатгина Иттифоқнинг ёрдами билан чекланмади. Мудофаа борасида океанорти давлати – АҚШ билан ҳам бевосита ҳамкорлик қилишга уринди.

Халқаро кузатувчилар Полша давлати сиёсатига хос бўлган қуйидаги хусусиятни алоҳида таъкидлашади: Полша гарчи Европа уйига тенг ҳуқуқли аъзо бўлиб кирган бўлсада, мамлакат раҳбарияти табиатан Иттифоқ раҳбарларига тўла ишонч билан қарамайди. Немислар уларда шуб­ҳа-гумон уйғотади, поляклар наздида франтсузлар уларга баланд назар билан қарашади. Инг­лизларнинг миллий манфаатлар устивор бўлган сиёсати ҳам расмий Варшавага кўпда маъқул келмайди. Шу боис, Полша давлати ҳар эҳтимолга қарши АҚШ билан ҳам алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор беради. Мамлакатнинг эҳтиёткор ва узоқни кўзлаб амалга ошираётган сиёсати сабаблидир, полякларга кўп ўринда «Янги европаликлар» дея таъриф беришади.

Полша муҳим географик нуқтада жойлашган. Бу эса Россия ва АҚШ манфаатлари тўқнашаётган ҳудуд сифатида мамлакатнинг аҳамиятини оширмоқда. Икки давлат ўртасида Полшани ўз таъсир доирасига олиш борасидаги кураш кўпдан бери давом этаётган эди. Бу кураш охирги пайтда янада фаоллашгандай бўлди.

АҚШ томонидан Полша ва Чехия ҳудудида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ўрнатиш режаси айни шу курашнинг яққол ифодасидир. Полша ҳудудига ўрнатилиши кутилаётган мудофаа тизими баллистик ракеталар ҳужумини қайтаради. Албатта, мамлакатда ракета ҳужуми хавфини бартараф этишга қодир бўлган мудофаа тизимининг мавжуд бўлиши айни муддао: мамлакат тинч-осойишта, бехатар ҳаёт кечиради. Бироқ бу ўринда бошқа муҳим сиёсий жиҳатлар ҳам бор. Биринчидан, Полша ҳудудида АҚШ ҳарбий базаси бунёд этилиши мамлакатнинг миллий суверенитетига дахлдор бўлган масаладир. Бу муҳим саволларга эса одатда референдум йўли билан жавоб топилиши керак.

Иккинчидан, АҚШ Полша ҳудудида миллионлаб доллар маблағ сарфлаб мудофаа тизими ташкил этгач, табиий равишда маълум мақсадларни амалга оширишга ҳаракат қилади.

Айни пайтда мудофаа борасида кўп томонлама сиёсат олиб боришга уринаётган Полша раҳбарияти олдида ана шу муҳим масалада қатъий тўхтамга келиш, миллий мустақиллик ва хавфсизлик ўртасидаги олтин ўрталиқни топиш вазифаси кўндаланг турибди.

Собиржон Ёқубов

www.hurriyat.uz