Жорий йил 10 февраль куни Қозоғистон Республикасининг Тошкентдаги элчихонасида ўзбекистонлик икки олимни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Элчихона матбуот хизмати хабарига кўра, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг фармони билан Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти бўлим мудири ўринбосари, фалсафа фанлари номзоди Равшан Назаров ҳамда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети доценти, тарих фанлари номзоди Алишер Собиров “Қазақстан халқы ассамблеясына 20 жыл” (Қозоғистон халқ ассамблеясига 20 йил) юбилей медали билан тақдирланди.
Мазкур давлат мукофоти Қозоғистон раҳбарининг 2015 йил 23 январдаги фармони билан таъсис этилган бўлиб, у мамлакатда тотувликни мустаҳкамлаш, халқ жипслигини таъминлашдаги хизмати учун Қозоғистон ва хорижий давлатлар фуқароларига берилади.
1995 йилнинг 1 мартида ташкил этилган Қозоғистон халқ ассамблеяси мамлакат Президенти ҳузуридаги маслаҳат органи саналади. Қозоғистон Президенти бир пайтда Ассамблея раиси ҳамдир. Давлатнинг миллий сиёсатини амалга татбиқ этиш, ижтимоий-сиёсий барқарорликни таъминлаш, миллатлараро аҳилликни мустаҳкамлаш ҳамда давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги муносабатлар самарадорлигини ошириш Халқ ассамблеясининг асосий вазифалари сирасига киради.
2015 йилда Қозоғистон халқ ассамблеянинг 20 йиллиги нишонланди.