2015 йил давомида Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги халқаро лойиҳа доирасида Ўзбекистон ички ишлар тизимида фаолият олиб бораётган 80 нафар ходим малака оширди. Бу ҳақда Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар беради.
Жорий йилда Туркия Республикаси Бош вазир девони ҳузуридаги Туркия ҳамкорлик ва тараққиёт идораси (TİKA) ва Туркия Республикаси Ички ишлар бош бошқармаси ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ички ишлар ходимлари учун 3 та ўқув курси ташкил этилди.
Халқаро лойиҳа доирасида Туркия Республикаси Ички ишлар бош бошқармасининг 10 нафар тажрибали ходими саёҳат ва ҳаракатланиш ҳужжатларини сохталаштириш, террористик ташкилотларга қарши кураш, оммавий тадбирлар чоғи хавфсизликни таъминлаш каби мавзуларда машғулотлар ўтказган.
Бир ҳафтадан давом этган ўқув курслари давомида икки мамлакат ички ишлар идоралари ўзаро тажриба алмашган. Шу билан бирга, соҳага доир истилоҳ ва ибораларни қўллаш борасида ҳам амалий тренинглар уюштирилган.
Туркия Республикаси Бош вазир девони ҳузуридаги Туркия ҳамкорлик ва тараққиёт идораси (TİKA) 2011 йилдан бери Ўзбекистон ички ишлар ходимлари малакасини ошириш бўйича халқаро лойиҳани амалга ошириб келмоқда. Ҳозирга қадар лойиҳа доирасида 20 дан ортиқ ўқув курси ташкил этилган бўлиб, уларда 500 дан ортиқ ички ишлар ходими малака оширган.
Туркия ҳамкорлик ва тараққиёт идорасининг асосий фаолияти ривожланаётган мамлакатларга техник кўмак кўрсатишга йўналтирилган. Ташкилот жаҳоннинг 20 мамлакатида мувофиқлаштирувчи офисга эга бўлиб, 100 дан ошиқ давлатда фаолият юритади.
TİKA Ўзбекистонда 1992 йилдан бери савдо-иқтисодиёт, техника, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳадаги лойиҳаларга кўмак кўрсатиб келмоқда. Маълумотларга қараганда, мазкур муассаса 1993-2009 йиллар давомида Ўзбекистонда 10 миллион долларлик лойиҳаларни молиялаштирган.
Эслатиб ўтамиз, Туркия Республикаси Бош вазир девони ҳузуридаги Туркия ҳамкорлик ва тараққиёт идораси раҳбари Сердар Чам бошчилигидаги делегация 2014 йил октябрда юртимизга ташриф буюрган. Делегациянинг ташрифи доирасида Гематология ва қон қуйиш илмий тадқиқот институтида ташкилот кўмагида ташкил этилган Суяк кўмиги ўзак ҳужайралари трансплантация маркази ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида Турк тили хонасининг очилиш маросими бўлиб ўтган.
Собир Салим