Ўзбекистонлик 110 нафар француз тили ўқитувчиси ёзги мактабда малака оширди

Ўзбекистоннинг турли вилоятларида фаолият юритувчи 110 нафар француз тили ўқитувчиси ва методистлари 14-17 июнь кунлари ёзги мактабда малака оширди.

Ёзги мактаб лойиҳаси илк бор Франциянинг Тошкентдаги элчихонаси томонидан Республика касаба уюшмалари федерацияси, Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари билан ҳамкорликда ташкил этилди.  Париждаги Франция институти кўмагида амалга оширилган лойиҳа 20 соатлик машғулотларни ўз ичига олади.  

Дарсларни Безансондаги Амалий тилшунослик маркази (CLA), Педагогик тадқиқотлар халқаро маркази (CIEP), “FormationsFle” агентлиги ва “Les passeurs de mots” нодавлат таълим ташкилотидан ташриф буюрган 6 нафар француз тили мутахассиси олиб борди.

“Кўп дарслар Бўстон санаторийси боғида, очиқ ҳавода ўтказилди. Ҳафта ўртасида шивалаб ўтган ёмғир ҳам ўқитувчиларнинг яхши кайфиятига таъсир эта олмади. 16 июнь куни кечқурун семинар иштирокчилари ўз тренерлари билан биргаликда ёзги мактабнинг ёпилиш маросимига атаб ажойиб чиқишлар тайёрлади”, – деб хабар беради Франциянинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати.

Ёзги мактабнинг ёпилиш маросимида Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Жак-Анри Эльс, Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдураҳим Носиров ва Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети ректори Шуҳрат Қаюмов қатнашди.

Ташкилотчилар 2017 йилда ҳам ёзги мактаб ташкил этилиши ҳақида хабар берган.

Француз тили дунё тилларидан бири саналади. Ўзбекистонда ҳам мазкур тилни ўрганишга иштиёқмандлар кўплаб топилади.