Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг китоблари тақдимоти бўлиб ўтди

“Китоб олами” марказида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг “Ҳилол-нашр” нашриётида чоп этилган “Меҳмон туйғулар”, “Фалак”, “Зулмат салтанати” китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Ёзувчи ва китобхонлар иштирок этган учрашув мазмунли ўтди. Тоҳир Малик мухлисларнинг саволларига атрофлича жавоб бердилар. Учрашув сўнггида энг яхши савол эгаларига муаллифнинг совғалари тақдим этилди.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг “Меҳмон туйғулар” китобига жамланган фалсафий фикрларнинг айримлари билан азиз мухлислар «Иймонлашиш умиди», «Тош қалбларга назар солинмас» каби тўпламлари орқали танишган бўлишлари мумкин. Мазкур китобни нашрга тайёрлашда адиб кўп янгиликлар киритди. Дунёни тушунишга хизмат қилувчи янги ҳикматлар билан бойитди. Ёзувчи ҳаёт фалсафасига доир кузатишлари, фикрларини тўлдирган бу тўплам ҳам китобхонларни бефарқ қолдирмайди.

“Фалак” асарлар тўпламига адибнинг фантастика тарзида ва тарихий йўналишда яратган асарлари киритилди. Бу асарлар турли йилларда ёзилган бўлса-да, бу тўпламга тартиб бериш жараёнида таҳрирлар, тузатишлар ва кўшимчалар киритилди.

“Зулмат салтанати” китобида адиб бизларни энг ёмон иллат ҳақидаги суҳбатга чорлайди. Ҳеч биримизга сир эмаски, майхўрликка, гиёҳвандликка берилганлар, адашган бандалар орасида ўзимиз учун энг ардоқли бўлмиш инсонлар – бировимизнинг ота-онамиз, бировимизнинг оға-иниларимиз, яна бировимизнинг фарзандимиз, яқин ёки узоқроқ қариндошимиз, қўшнимиз, ҳамкасбимиз… ҳам бор. Эҳтимол улар ҳидоятдан адашганларини биларлар, эҳтимолки, билмаслар. Билмаганларга билдириб қўйиш вазифамиз эмасми? Эҳтимол улар жаҳолат ва гуноҳлар жаридан қутулмоқчилару аммо тўғри йўлга чиқишга кучлари етмаётгандир. Уларга ёрдам қўлини узатиб, иймонсизликдан қутулишга кўмаклашиш бурчимиз эмасми? Мазкур китоб ана шу хайрли ишимизда кўмак берар, иншааллоҳ!

Мазкур китобларни юртимиз китоб дўконларидан, шунингдек http://hilolnashr.uz/ сайти орқали электрон тарзда сотиб олишингиз мумкин.