Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 23 декабрь куни Тошкентга амалий ташриф билан келган Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисовни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабар қилади.
Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти ва халқини мазкур мамлакат мустақиллигининг 25 йиллиги билан табриклади. У Ўзбекистон–Қозоғистон ўртасидаги ишончли ва мазмундор алоқалар ҳар икки мамлакат ва қардош халқларнинг узоқ муддатли манфаатларига мувофиқ келишини таъкидлаб ўтди.
Учрашувда икки мамлакат яқин қўшни ва вақт синовидан ўтган ҳамкорлар сифатида бир-бири ва бутун Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорлик, барқарор иқтисодий ва ижтимоий тараққиётни таъминлашдан бирдек манфаатдор экани қайд этилди.
Қозоғистоннинг 2017−2018 йилларда БМТ Хавфсизлик кенгашининг нодоимий аъзолигига сайлангани Марказий Осиё давлатлари манфаатларининг глобал миқёсда қўллаб-қувватланиши учун янги имкониятлар эшигини очади.
Шавкат Мирзиёев ва Ерлан Идрисов Ўзбекистон–Қозоғистон кун тартибидаги барча йўналишлар, энг аввало савдо-иқтисодий, инвестицион ва транспорт-коммуникация соҳалари бўйича ўзаро фикр алмашди. 2016 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,079 миллиард АҚШ долларидан ошгани эътиборга олиниб, мазкур соҳада муносабатларни кенгайтириш, мавжуд барча имкониятларни ишга солиш лозимлиги қайд этилди.
Шу куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисовни ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулазиз Комилов ҳам қабул қилди.
Қайд этилишича, икки мамлакат ҳамкорлиги 1998 йил 31 октябрдаги Абадий дўстлик ва 2013 йил 14 июндаги Стратегик шериклик тўғрисидаги давлатлараро шартномалар асосида янада мустаҳкамланмоқда.
Шу мавзудаги мақола:
Ерик Утембаев: “Ўзбекистон Қозоғистон ташқи сиёсатида муҳим ўрин эгаллайди”. 10.12.2016