Озарбойжонда замонавий давлатчиликнинг 99 йиллиги байрам қилинмоқда

28 май Озарбойжонда замонавий давлатчилик байрами сифатида тантана қилинмоқда. Шу куни Президент Илҳом Алиев Озарбойжон Демократик Республикаси ёдгорлигига гулчамбар қўйди. Ёдгорлик олдида фахрий қоровул саф тортди.

Шунингдек, давлат раҳбари байрам муносабати билан ташкил этилган расмий қабул маросимида қатнашиб маъруза қилган.

28 май Озарбойжон тарихидаги шонли саналардан бири саналади.

Мамлакат зиёлилари ХХ асрнинг 20-йилларида Русия империясида кучайиб бораётган демократик ўзгаришлар ва фуқаролик ҳуқуқлари учун курашда фаол иштирок этди. 1918 йил 28 майда Мамед Эмин Расулзода бошчилигидаги Озарбойжон Миллий Кенгаши Озарбойжон Демократик Республикаси ташкил этилганини эълон қилди. Бу тарихий воқеа Тбилиси шаҳрида рўй берди. Мамлакат пойтахти Боку арман гуруҳлари ва большевиклар назорати остида экани боис янги давлатнинг муваққат пойтахти сифатида Ганжа шаҳри танланди. 1918 йил 16 июнда Озарбойжон ҳукумати Тбилисидан Ганжага кўчиб ўтди.

Шу тариқа бундан 99 йил муқаддам мусулмон Шарқида биринчи дунёвий давлат вужудга келди. Бу Озарбойжон давлатчилигининг қайта тикланиш куни эди. Зеро, мамлакат асрлар давомида Эрон, сўнгра Русия империяси бошқарувида бўлган.

Озарбойжон Демократик Республикасининг Вазирлар Маҳкамасини Москва давлат университети битирувчиси, Давлат Думаси собиқ депутати Фатали Хон Искандар ўғли бошқарди.

Аммо ёш давлат олдидаги оғир синовлар турар эди.

1918 йил 12 июнда большевикларнинг Боку кенгашига қарашли қуролли кучлари Ганжага ҳужум бошлади. Озарбойжон ҳукумати  ҳарбий ёрдам сўраб Туркияга мурожаат қилади. Бирлашган турк-озарбойжон қўшини қизил армияни тор-мор этади. 1918 йил 15 сентябрда турк-озарбойжон армияси Бокуга киради. Шаҳар республика пойтахти деб эълон қилинади.

1918 йил 7 декабрда 97 аъзодан иборат Озарбойжон Демократик Республикаси парламенти иш бошлади. 1920 йил 11 январда Биринчи жаҳон урушининг ғолиблари бўлган иттифоқчи давлатлар кенгаши бир овоздан Озарбойжон мустақиллигини тан олади.

Тобора кучга тўлаётган қизил империя ёш демократик давлатни маҳв этиш учун пайт пойлаётган эди. 1920 йил апрелда қизил армия бўлинмалари Озарбойжонга бостириб кирди. 28 апрель куни пойтахт Боку ҳам қўлдан кетди.

Демократик Республика бор-йўғи 23 ой яшаган бўлса-да, бутун дунёга Озарбойжон халқининг эркка, ҳурликка ташналигини намоён этди. Совет Иттифоқи парчалангач, 1991 йилда Озарбойжон ўз мустақиллигини қайта эълон қилди. Замонавий Озарбойжон раҳбарияти 1918 йилда таъсис этилган Демократик Республиканинг давлат рамзларини қайта тиклади.

28 май санаси бугун ҳам мамлакатнинг озодлик байрами сифатида кенг нишонланади.

С.Салим