Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги қўшни Арманистон томонидан содир этилаётган провокациялар кўпайиб бораётгани хусусида баёнот берди. Бу эса тинчлик йўлидаги музокараларни боши берк кўчага киритиши мумкин, деб ҳисоблайди расмий Боку.
“2016 йил 29 декабрь куни Арманистон Қуролли кучлари разведка гуруҳи Арманистон-Озарбойжон давлат чегарасини бузиб, навбатдаги диверсияни амалга оширди. Арманистон томонининг провокацияси бартараф этилди, Арманистон Қуролли кучлари разведка гуруҳи жонли талафот кўрган ҳолда чекинишга мажбур бўлди. Душман ҳужумини қайтариш чоғи Озарбойжон Қуролли кучлари ҳарбий хизматчиси Гурбанов Чингиз Салмон ўғли ҳалок бўлди”, – дейилади Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Қайд этилишича, Чингиз Гурбановнинг жасади Арманистон томонида қолиб кетган. Арманистон дастлаб мазкур фактни рад этган, кейин эса ҳарбий хизматчи давлат чегарасини бузганини айтган.
Расмий Бокуга кўра, 2016 йил апрелда ҳалок бўлган Озарбойжон ҳарбий хизматчилари, масалан, Мубориз Иброҳимовнинг жасадида қийноқ аломатлари кузатилган.
“Арманистон Республикаси халқаро гуманитар ҳуқуқни писанд қилмай, ҳарбий операцияларда ҳалок бўлганларнинг жасадини таҳқирламоқда ва жасадларни қайтариш масаласини сиёсий савдолашувга айлантирмоқда. Умид қиламизки, халқаро тузилмалар, хусусан, гуманизм ва шафқат тамойилларига таянувчи Халқаро Қизил хоч қўмитаси ҳарбий хизматчи Чингиз Гурбановнинг жасадини Озарбойжонга қайтариш бўйича керакли чораларини кўради”, – дейилади Озарбойжон баёнотида.
Озарбойжон ташқи сиёсат маҳкамасига кўра, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Бош котиби Николай Бордюжа мазкур ҳолат бўйича нохолис баёнот берган.
“Озарбойжоннинг босиб олинган ҳудудида тузилган ноқонуний тузилмани “Тоғли Қорабоғ республикаси” деб атаган Бордюжа Озарбойжоннинг халқаро миқёсда тан олинган давлат чегараси, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини шубҳа остига қўйишга уринди”, – дейилади баёнотда.
Таъкидланишича, КХШТ Бош котибининг мазкур баёноти Тоғли Қорабоғ зиддиятини бартараф этиш йўлида ЕХҲТ Минск гуруҳи воситачилигида олиб борилаётган музокараларни йўққа чиқаради.
“Биз Н.Бордюжанинг масъулиятсизларча берган баёнотини рад этамиз ва ташкилотга аъзо мамлакатлар ушбу баёнотга ўз баҳосини беришига умид қиламиз”, – деб ҳисоблайди Озарбойжон томони.
Эслатиб ўтамиз, расмий Боку Тоғли Қорабоғ ва унга туташ 7 та туман (Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизи) 1989-1993 йилларда Арманистон қуролли кучлари томонидан босиб олинган деб ҳисоблайди ҳамда қўшни давлат ҳарбийлари оккупация қилинган ҳудуддан чиқиши лозимлигини талаб қилади. Арманистон эса тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси манфаатларини ҳимоя қилиб келади.
Гарчи 1994 йилда келишув имзоланган бўлса-да, тўқнашувлар рўй бериб туради. Таҳлилчилар тинчлик келишуви жуда мўрт экани ва исталган пайт тўқнашув рўй бериши мумкинлигидан хавотир билдиради.
Расмий Бокуга кўра, Тоғли Қорабоғ муаммоси БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1993 йил 30 апрель, 1993 йил 29 июль ва 1993 йил 14 октябрда қабул қилган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал қилиниши лозим.
Собир Салим