Озарбойжон фильми халқаро фестивалда энг яхши картина деб топилди

Озарбойжон кино ижодкорлари суратга олган “Дарс” (Dərs) бадиий фильми Россияда ўтказилган “Киношок-2016” МДҲ, Латвия, Литва ва Эстония мамлакатлари XXV кино фестивалида “КиноМалыШок” йўналишида энг яхши картина деб топилди. Бу ҳақда Trend агентлиги Озарбойжон Маданият ва туризм вазирлигига таяниб хабар беради.

“Киношок-2016” халқаро фестивали анъанага кўра Россияда жорий йил 3-10 сентябрь кунлари ўтказилди.

Фестиваль доирасида “Дарс” фильми Россиянинг бир қатор шаҳарларида намойиш этилди. Мазкур фильм 2015 йилда Озарбойжон Маданият ва туризм вазирлиги буюртмасига кўра Жаъфар Жабборли номидаги “Озарбойжонфильм” киностудиясида суратга олинган. Картина мактаб ўқувчилари ҳаётидан ҳикоя қилади.

Фильм сценарийси муаллифи Эльза Агаева ва Анастасия Волкова, постановкачи режиссёрлар эса Рафиқ Алиев ва Жавид Таваккул. Картинада Тамерлан Агаев, Алия Алиева, Рашид Алиев, Айна Зарбалиева каби ёш актёрлар роль ижро этган.

“Фильм съёмкасида 24 нафар ўқувчи иштирок этди. Уларни Бокудаги 200 дан зиёд мактаб ўқувчилари орасидан саралаб олдик. Болалар билан бир неча ой давомида актёрлик маҳорати бўйича машғулотлар ўтказдик”, – деган Озарбойжон халқ артисти, фильм режиссёри Рафиқ Алиев.

Сценарий ижодкори Жавид Таваккул эса фильм ахлоқий қадриятлар, дўстлик, меҳр-оқибат каби мавзуларга бағишланганини қайд этган.

Кейинги йилларда Озарбойжон кинематографчилари суратга олган картиналар халқаро фестивалларда совринли ўринларни олмоқда. Масалан, “40-эшик” фильми Хьюстонда ўтган 42-халқаро кинофестивалда “Gold Remi Award Foreign” мукофотига сазовор бўлган.

Маълумотларга қараганда, Озарбойжонда кино пайдо бўлганидан буён мазкур мамлакат ижодкорлари томонидан 240 дан зиёд тўлиқ метражли, 50 дан ошиқ қисқа метражли бадиий фильмлар, шунингдек, 1200 дан ошиқ ҳужжатли ҳамда 100 га яқин мультипликацион фильмлар суратга олинган.