Озарбайжон чегарадаги сўнгги провокациялар юзасидан баёнот берди

13 сентябрга ўтар кечаси Озарбайжон ҳамда Арманистон чегарасида отишмалар рўй бергани ҳақида хабар тарқалди. Озарбайжон ташқи ишлар вазирлиги ҳолат юзасидан баёнот берди.

“12 сентябрь тунида Арманистон қуролли кучлари бўлинмалари Озарбайжон–Арманистон давлат чегараларининг Дашкесан, Келбажар ва Лочин йўналишларида кенг кўламли провокацияларни содир этди”, – дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, Арманистон ҚК қўпорувчи гуруҳлари Озарбайжон армияси бўлинмалари позициялари ҳудуди ва таъминот йўлларида миналашни амалга оширган. Бундан ташқари, Дашкесан, Келбажар ва Лочин туманларида Озарбайжон армияси позицияларига турли қурол-аслаҳа, жумладан, миномётлардан шиддатли ўқ ёғдирилган. Оқибатда ҳарбий хизматчилар орасида қурбонлар қайд этилган, ҳарбий инфраструктурага зарар етказилган.

“Арманистон қуролли кучлари томонидан содир этилган провокациялар, мамлакатимиз суверенитети ва ҳудудига ҳарбий таҳдидларнинг олдини олиш, ҳарбий хизматчиларимиз, жумладан,  Келбажар ва Лочин туманлари ҳудудидаги инфраструктура ишларига жалб тилган фуқаровий ишчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳарбий зиддият кўламининг кенгайишига йўл қўйилмади ва Арманистон қуролли кучлари ўт очиш нуқталари бартараф этилди. Ушбу йўналишда сафарбар қилинган Озарбайжон армияси бўлинмалари томонидан қатъий жавоб чоралари кўрилди”, – дейилади расмий Боку баёнотида.

Таъкидланишича, Озарбайжон томонидан фуқаролар яшайдиган ҳудудга зарба берилгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди ва бу дезинформация саналади.

Баёнотга кўра, Арманистон ҚКнинг сўнгги хатти-ҳаракатлари хақаро ҳуқуқ меъёрлари ва уч томонлама битим шартларига зиддир. Озарбайжон ТИВ мамлакат ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига таҳдидларга қатъий жавоб берилишини таъкидлаган.

Озарбайжон мудофаа вазирлиги томонидан ҳолат юзасидан тарқатилган баёнотда ҳам ҳарбий авантюра ва реваншизм сиёсати танқид қилинган.