16 ноябрь куни Арманистон томонидан содир этилган провокация оқибатида Озарбайжоннинг 7 нафар аскари ҳалок бўлди, 10 нафари жароҳатланди. Бу ҳақда Озарбайжон мудофаа вазирлиги маълум қилди.
Провокация характеридаги ҳарбий ҳаракатлар оқибатида Умид Нифталиев, Ўрхон Жабборов, Натиг Юсуф Алиев, Элчин Оғаев, Элмин Самир Ализода, Элчин Рамил Алиев, Мурод Ғолиб Халилов каби ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлган. Мудофаа вазирлиги шаҳидларни Аллоҳ раҳматига олишини тилаган.
Қайд этилишича, Озарбайжон армияси позицияларига артиллерия қуролларини ишга солган ҳолда ҳужум уюштирилган.
“Озарбайжон–Арманистон давлат чегарасидаги вазият 16 ноябрь оқшомида барқарорлашди. Арманистон томонидан содир этилган провокация ва ҳарбий авантюризм муваффақиятсизликка юз тутди. Озарбайжон армияси бўлинмалари вазиятни назорат қилмоқда. Озарбайжон Республикаси Қуролли кучлари мамлакатимизнинг суверен ҳудудларида хизматни давом эттирмоқда”, – дейилади мудофаа вазирлиги баёнотида.
Озарбайжон ташқи ишлар вазирлиги ҳам ҳолат юзасидан баёнот берган.
“Биз Арманистон томони қасоскорлик позициясидан туриб амалга оширган ҳарбий провокацияни қатъий равишда қоралаймиз. Минтақада вазиятнинг беқарорлашуви ва уч томонлама битим ижроси йўлида юзага келган тўсиқлар учун жавобгарлик бевосита Арманистон ҳарбий-сиёсий раҳбарияти зиммасида. Озарбайжон Республикасининг халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра тан олинган чегаралари доирасида, ҳудудий яхлитликка қаратилган ҳар қандай таҳдид ва ҳарбий провокацияларга келгусида ҳам муносиб жавоб берилади”, – дейилади ТИВ муносабатида.
Чегарадаги ҳолатга муносабат билдирган Кремль вакили Қорабоғ бўйича уч томонлама келишувга риоя этиш лозимлигини қайд этган.
“Биз вазиятни барқарорлаштиришнинг ягона йўли уч томонлама келишувларга риоя этиш деб биламиз ва барча томонлар зиммасига олган мажбуриятларни бажариши лозим деб ҳисоблаймиз. Бу эса бу каби ҳодисаларнинг такрорланмаслиги кафолатидир”, – дейди Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков.
Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон армияси Қорабоғда 2020 йил 27 сентябрдан 9 ноябрга қадар кечган жангларда қарийб 30 йил ишғол остида бўлган ҳудудларини қайтариб олди. 2020 йилнинг 10 ноябрида Озарбайжон, Арманистон ҳамда Россия ўртасида уч томонлама битим имзоланди. 44 кунлик уруш якунида Қорабоғдаги 5 та шаҳар, 4 та посёлка ҳамда 286 та қишлоқ яна Озарбайжон тасарруфига ўтди. 8 ноябрь Озарбайжонда Ғалаба куни ўлароқ белгиланди.
С.Салим