Осиё кўчасида… байрам

Хитой ва Ҳиндистон ўзаро ихтилофларни бартараф этмаса, байрам кўпга бориши даргумон

Охирги йилларда Ҳиндистон ва Хитой давлатининг дунё геосиёсатидаги мавқе кескин ошди. Кўп асрлик давлатчилик анъанасига эга бўлган бу икки салтанат яқин тарихда ҳам бўлинган дунёни қайта тақсимлашга аҳд қилган мустамлакачи ҳукуматлар назарида бўлиб келган.

Янги минг йилликда эса қадимий тамаддун соҳиблари бўлган икки давлат иқтисодий ва демографик салоҳияти билан ҳам дунёни забт этди.

Бу ўринда «забт этди» ибораси ҳеч қандай муболағасиз қўлланилмоқда. Дунё аҳолисининг бешдан бири истиқомат қиладиган Хитой бугун ривожланган Ғарбдан тортиб қашшоқликдан боши чиқмаётган «учинчи дунё» давлатларига қадар – бутун сайёрани ўз маҳсулотлари билан эгаллади. Ҳатто Лотин Америкасининг Осиё учун бир пайтлар имкондан хорижда бўлган бозорига тиниб-тинчимас хитойликлар қадами етиб борди.

ҚолоҚ «эски дунё» ривожланган Европа бўлгунга қадар, яъни ақлини танигунга қадар «бойликлар мамлакати» дея орзулаган Ҳиндистон поёнига етган сўнгги юз йилликда яна қадимий тсивилизациясини эсга олди. Энг қизиғи, қашшоқлик учига чиққан давлатда бир пайтнинг ўзида Ғарб мамлакатлари билан бемалол беллаша оладиган улкан иқтисодиёт вужудга келтирилди. Бу борада Ҳиндистон биргина компютер ва ахборот технологиялари дастурлари бўйича
дунёда биринчи ўринга чиққанини эслаш кифоя (Ҳозирда АҚШнинг ахборот технологиялари соҳасидаги кўзойнак таққан ақлли олимларига жон ко­йитишга ҳожат ҳам қолмади. Ҳиндистон фақат ишқ-муҳаббат тўғрисидаги филмлари билан эмас, ҳар бири мамлакатга улкан валюта заҳираси келтираётган ахборот-коммуникация соҳасидаги маҳсулотлари билан ҳам дунёни ҳайратга солмоқда).

Ҳиндистон ва Хитойнинг дунё сиёсатида тобора ошиб бораётган ўрни хусусида кўплаб далиллар келтириш мумкин. Икки мамлакат ҳам жаҳондаги энг кўп аҳоли, демакки, ишчи кучига эга. Бошқа жиҳатдан ҳар икки давлат дунё иқтисоди корчалонлари учун туганмас бозор, даромад манбаи ҳамдир.

Халқаро сиёсатда тош босадиган омиллардан яна бири бу ҳар икки давлатнинг ядро қуролига эга эканлигидир. Ҳиндистон ҳам, Хитой ҳам оммавий қирғин қуроли соҳиби экани тўғрисидаги маълумот аллақачон махфийлик доирасидан чиқиб улгурган. «Совуқ уруш» даврида собиқ Иттифоқ ва АҚШнинг аёвсиз кураши паноҳида Ҳиндистон ва Хитой атом тад­қиқотларини муваффақият билан якунлаб, «ядро клуби»га аъзолик чиптасини қўлга киритган эди. Шу боис дунёга ҳукмронлик даъвосидаги Оқ уй катталари ҳам, коммунистик ўтмиш вориси бўлган Кремл раҳнамолари ҳам бу икки мамлакат билан ҳисоблашишга мажбурлар.

Ҳиндистон ва Хитойнинг ядро қуролига эга экани геосиёсатда амалий аҳамият касб этади. Дунё аҳли 1990-йилларга қадар икки қутбли муҳитда нафас олгани сир эмас. Ўтган асрнинг сўнгги йилларидан эса халқаро сиёсатда кўп қутбли дунё ҳақида гапирила бошланди. Икки қутбли
дунёда кўп қутблар вужудга келишида эса айнан Ҳиндистон ва Хитой муҳим ўрин тутади.

Ҳозирги пайтда дунё сиёсати саҳнасида қўйилаётган «песа»да бош рольни ижро этишга даъвогарлар олдингидай иккита эмас. «АҚШнинг 51-штати» деган кинояомуз таърифлардан безор бўлган Европа мамлакатлари қатори Ҳиндистон ва Хитой ҳам «песа»нинг кулминацион нуқтасида иштирок этишга даъво қилмоқда.

Олимларнинг «Янги минг йиллик Осиё даври бўлади» деган тахминлари тасодифий эмас. Ғарбнинг етти эмас, етмиш ўлчаб бир кесадиган сиёсатдонлари бундай қатъий ва кескин хулосага келиш учун ўз қарашларини неча-неча чиғириқлардан ўтказганлари аниқ. Бизнинг давримизда «йўлбарслар» дея номланувчи Жанубий Корея, Малайзия, Цингапур, Гонконг каби давлатлардаги шиддатли иқтисодий ўсиш, Хитой ва Ҳиндистоннинг халқаро минбарларда тенглар ичра тенг тамойилда ўз қарашини эркин билдираётгани Осиё даври бошлангани – кўп йиллардан бери жаҳон сиёсатида ўз сўзини йўқотган қитъа кўчаларида ҳам байрам бошланаётганидан далолат бераётгандай.

Охирги пайтларда АҚШ билан глобал курашда дастёрлар қидириб қолган Россия Хитой билан алоқаларни мустаҳкамлашга улгурди. Ҳарқалай, президент Владимир Путинга Пекиннинг Мао Сзедун замонларидан буён Кремл билан яқин бўлиб келгани қўл келди. Боз устига, Хитойнинг янги раиси Ху Сзинтао вазиятни яхши тушуниши, ўзининг ўтмишдошлари каби коммунистик мафкура қобиғида фикрламаслиги ҳам Москванинг Хитой каби иттифоқчи дўст орттиришида асқотди. Хитойнинг ким билан дўст бўлиши масаласику, ҳал бўлди. Ўз сиёсатида миллатпарварлик билан Америкага қарши кайфиятни уйғунлаштирган Хитой раиси Ху Сзинтао олтин-кумушга кўмиб ташлашса ҳам, Россиядан воз кечмаслиги турган гап…

БироҚ бу ўринда Ҳиндистоннинг аниқ бир позицияни эгаллаши қи­йинроқ кечяпти. Айни пайтда Россия ҳам, АҚШ ҳам Ҳиндистон каби ишонч­ли (бу сифат, албатта, нисбий маънога эга) ва, асосийси, қудратли ҳамкор давлатни қўлдан чиқармаслик учун курашяпти. АҚШ бу йўлда ҳаттоки Ҳиндистоннинг ядро қуролига эга эканини тан олди ва бунга ҳурмат билан муносабатда бўлишини ҳам эътироф этди. Россия Ҳиндистонни ҳаммаслак, ҳамматлаб давлатга айлаштириш учун қурол-аслаҳаларни имтиёзли нархларда сотишга ҳам тайёр. Бироқ ҳозирча Ҳиндистон бош вазири Манмохан Сингх қайси томонга қучоқ очишни аниқлолмай турибди. Вашинг­тон ва Москванинг Деҳли томон узатган қўллари эса ҳозирча ҳавода муаллақ қолмоқда…

Гап геосиёсатдаги ўзгаришлар хусусида кетар экан, шубҳасиз, икки давлат ўртасидаги ўзаро муносабат ҳақида ҳам озроқ тўхталиб ўтиш зарур.

Ҳиндистон ва Хитой муносабатлари ҳозирга қадар расмий дипломатик даражада бўлиб келган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин АҚШ-Совет Иттифоқи рақобати даврида Хитой ва Ҳиндистон алоқалари бироз юмшагандай бўлди. Бироқ икки ўртада азал-азалдан мавжуд бўлиб келган чегара можароси 1962 йили яна бўй кўрсатди. Шу тариқа эндигина илиқлашаётган муносабатлар яна душманчилик кайфияти билан алмашди.

Ҳозирга қадар Хитойнинг Покистон билан яқин алоқалари расмий Деҳлида норозилик уйғотади. Ҳиндис­тон ҳукуматининг Хитойда таъқибга учраган Далай Лама ва унинг издошларига бошпана бермоқчи бўлгани эса коммунистик тузум вакилларининг жаҳлини чиқаради. Хуллас, икки ўртада ҳал қилиб олиш зарур бўлган масалалар етарли.

МубалоҒасиз, Ҳиндистон ва Хитой муносабатлари нафақат Осиё, бутун дунё сиёсатига бевосита таъсир кўрсатади. Дарвоқе, Осиё кўчаларида бошланган байрамнинг бардавомлиги ҳам кўп жиҳатдан Пекин ва Деҳли ўртасидаги зиддиятларнинг тез фурсатда бартараф этилишига боғлиқ.

Собиржон Ёқубов
www.hurriyat.uz