Ўмон Султонлиги Халқаро таълим идораси раиси этиб сайланди

Ўмон Султонлиги 2016-2017 йилларда Халқаро таълим бюросига раислик қилади. “Times of Oman” нашри хабарига кўра, Халқаро таълим бюроси кенгашининг Женевада ўтган 65-сессиясида ана шундай қарор қабул қилинган.  

Халқаро таълим бюроси ЮНЕСКОнинг ихтисослашган идораси бўлиб, у аъзо мамлакатларда маориф тизимини такомиллаштиришга ҳисса қўшади.

1925 йилда ташкил этилган ҳамда 1969 йилдан ЮНЕСКО таркибига кирган халқаро идора дунё миқёсида йирик лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

Кузатувчилар Султонликнинг жаҳондаги етакчи таълим идораси раислигига сайланишини мамлакатда таълим йўналишида олиб борилаётган ислоҳот ва янгиланишларнинг ўзига хос эътирофи сифатида баҳоламоқда.

Яқиндагина Султон Қобус университети “QS World University”нинг 2015 йилдаги  рейтингида 100 поғона юқорилаб, сайёрамиз бўйича 501-ўринда, Кўрфаз мамлакатлари бўйича эса 7-ўринда қайд этилган эди. Мазкур нуфузли рейтинг дунё олий ўқув юртларидаги академик таълим сифати, тадқиқотлар кўлами ва савиясига кўра тузилади.

Кейинги йилларда Ўмон Султонлиги иқтисоди юксалди, ижтимоий соҳаларда ҳам катта ютуқларга эришилди. Таҳлилчиларга кўра, айнан таълим тизимидаги ислоҳот ва янгиланишлар мазкур муваффақиятларнинг асосий омили бўлди.   

Ўмонда дастлабки низомий мактаб 1914 йилда очилган бўлса-да, 1970-йилларга қадар таълим тараққиёти суст кечди. Ўтган асрнинг 70 йилларида мамлакат бўйича учтагина мактаб бор эди, ўқувчилар сони эса 1000 тага ҳам бормас эди. Ўша кезлар мамлакат тахтига ўтирган Султон Қобус биринчи галда таълим тизимини ислоҳ этишга эътибор қаратди. Янги таълим даргоҳлари бунёд этиш, илғор усулларни амалга татбиқ этиш учун давлат ғазнасидан жуда катта миқдорда маблағ ажратилди (айни пайтда ҳам Султонлик бюджетининг 50 фоизга яқини таълим ва соғлиқни сақлаш тизимига сарфланади).  Шу тариқа Ўмонда мактабгача таълим, умумий таълим ҳамда олий таълим босқичлари шакллантирилди. Умумий таълим бошланғич, тўлиқсиз ўрта ва ўрта таълим босқичларини ўз ичига олиб, 12 йилга чўзилади. Сўнгра таҳсил олий ўқув юртида давом эттирилади.

Янги юзйиллик Ўмон таълим тизимида юксалиш даври сифатида тарихга кирди. Маълумотларга қараганда, 2008-2009 йилларда давлат ва хусусий сармоядорлар ихтиёридаги 1300 дан ошиқ мактабда 600 мингдан зиёд ўқувчи таҳсил олган. Эътиборли жиҳати, уларнинг 48 фоизи қизлардир. Мактаблар учун маҳаллий кадрларни тайёрлаш дастури ҳам ўз мевасини берди. Яна рақамларга мурожаат этсак, умумий таълим мактабларида сабоқ бераётган 43 мингдан ошиқ ўқитувчининг 89 фоизи Ўмон фуқаролари саналади.

Умумий таълим тизими замон билан ҳамқадам ривожлантирилмоқда. Ўмон Таълим вазири, доктор Мадиҳа Аҳмад ал-Шайбоний қайд этганидек, “Жаҳон бозорида мустаҳкам ўрин эгалламоқ ва тараққиётга эришмоқ учун Ўмон таълим даргоҳларида тафаккури кенг, мураккаб масалаларни ечишга қодир, ижодкор, интилувчан ҳамда рақобатбардош кадрларни етиштириш талаб этилади”.

Мамлакатда олий таълим тизимини такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Олий таълим вазирлиги ҳамда Олий таълим бўйича махсус кенгаш бу борада мувофиқлаштирувчи идоралар саналади. Султонликда 60 га яқин олий ўқув юрти фаолият юритаётир. 1986 йилда таъсис этилган Султон Қобус университети илмий ва техникавий салоҳияти жиҳатидан нафақат мамлакат, минтақада ҳам етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Айни пайтда мазкур дорилфунунда 13500 нафар маҳаллий ва хорижлик талаба сабоқ олмоқда.

“Биз илм-фан асрида яшамоқдамиз, жамият ҳаётининг барча жабҳалари шитоб ўзгаришларга учрамоқда. Шуниси аниқки, шиддатли даврнинг қийинчиликларини илм-фан ҳамда муттасил изланиш орқалигина енгиб ўтиш мумкин. Исломий қадриятлар ҳамда тамаддунга асосланган тараққиёт ва фаровонликни таъмин этишнинг йўли ҳам шу”, – деган эди Султон Қобус.

Бугунги жараёнлар Султонлик таълимга алоҳида эътибор қаратиб тўғри йўл тутганини тасдиқламоқда.

 Собир Салим