Нурсултон Назарбоев Қозоғистон халқига мурожаат қилди

Жорий йил январь ойи бошида рўй берган оммавий тартибсизлик ва беқарорликдан кейин Қозоғистоннинг Биринчи Президенти, Элбоши Нурсултон Назарбоев илк бор халқига мурожаат қилди. Бу ҳақда “Kazinform” агентлиги хабар берди.

Қуйида мурожаат матни билан тўлиқ танишишингиз мумкин:

“Ҳурматли ватандошлар! Азиз биродарлар!

2022 йил халқимиз учун оғир ва хавфли синов билан бошланди. Хабарингиз бор, уюшган экстремистик гуруҳлар мамлакатда оммавий тартибсизликлар келтириб, террорчилик ҳаракатлари содир этди.

Натижада тинч аҳолимиз жабр кўрди. Фожиа қурбонларининг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдираман. Террорчилар мамлакатимиз ва суверенитетимизга, фаровонлигимиз ва бутунлигимизга таҳдид солиб, тинчимизни олди. Президент Қосим-Жўмарт Камолўғли Тўқаевнинг тезкор қарорлари туфайли мамлакат йиқилмади.

Давлар раҳбарини қўллаб-қувватлаш барчамизнинг фуқаролик бурчимиздир.

Энди бундан сабоқ олиш ва бундай фожианинг олдини олиш керак. Аждодларимиз асрлар давомида орзиқиб кутган ўттиз йиллик истиқлол давомида биз кўп ишлар қилдик. Қозоғистон дунёга машҳур давлатга айланди. Кенг чегараларимиз тўлиқ ҳимояланган. Биз мамлакатимизда туб ислоҳотларни амалга оширдик ва Марказий Осиёда етакчига айландик. Янги пойтахтимиз Евроосиёнинг марказида, Сариарқанинг бағрида барпо этилди.

Ҳеч бир душман бизни синдира олмайди.

Ҳурматли қозоғистонликлар! Ҳурматли ватандошлар!

Менга келиб тушган кўплаб мурожаатлар ва оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабарлар муносабати билан шуни маълум қиламанки, мен 2019 йилда Президент ваколатларини Қосим-Жўмарт Тўқаевга ўтказдим ва ўшандан бери мен пенсионерман, Қозоғистон пойтахтидаман, ҳеч қаерга кетганим йўқ. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев тўлиқ ваколатга эга. У Хавфсизлик Кенгашининг раиси. Тез орада Президент “Nur Otan” партияси раиси этиб сайланади. Шунинг учун элитада ҳеч қандай зиддият ёки қарама-қаршилик йўқ. Бу борадаги мишмишлар мутлақо асоссиз.

30 йил давомида Ватанимиз учун тиним билмай меҳнат қилганимни ҳамма билади. Биз унинг чегараларини мустаҳкамладик. Биз изчил ислоҳотларни амалга оширдик. Биз биргаликда мустақил Қозоғистонни барпо этдик, ижтимоий-иқтисодий тараққиётда юксак натижаларга эришдик, нафақат Марказий Осиёда, балки МДҲда ҳам кўп жиҳатдан етакчи бўлдик. Қозоғистон жаҳон ҳамжамиятида таниқли ва обрўли давлатга айланди. Бу барча қозоғистонликларнинг ҳамжиҳатлиги ва биргаликдаги меҳнати самарасидир.

Мамлакатдаги барқарорлик ва осойишталик доимо менинг мақсадим бўлиб келган. Барчамиз ана шу абадий қадриятларни қадрлашимиз керак. Биз, албатта, инқирозни енгамиз ва янада кучлироқ бўламиз. Президентимиз халқ фаровонлигини юксалтиришга қаратилган янги ислоҳотлар дастурини илгари сурди. Ушбу дастурни қўллаб-қувватлаш керак.

Сизга, азиз ватандошлар, соғлиқ ва фаровонлик тилайман! Давлат раҳбари лавозимида ишлаганимда олиб борган ислоҳотларим ва модернизация йўналишимни қўллаб-қувватлаганингиз учун ташаккур”.