Муфтий Усмонхон Алимов дунёдаги энг обрўли мусулмонлар рўйхатидан ўрин олди

Иордания Қироллик стратегик ислом таълими маркази жаҳоннинг энг обрўли мусулмонларининг янги 500 талик рўйхати эълон қилинди. 2015 йилги рейтингдан Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раҳбари, муфтий Усмонхон Алимов ҳам ўрин олган.

Рейтингда Иордания қироли Абдуллоҳ ибн ал-Ҳусайн етакчилик қилди. Иккинчи поғонани мисрлик шайх Муҳаммад ал Тоййиб банд этди. Учинчи ўрин Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдул-Азиз ал-Саудга насиб этди. Рўйхатга, шунингдек Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Татаристон раҳбари Рустам Минниханов, чеченлар етакчиси Рамзан Қодиров ҳамда илк бор Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳам киритилди.

Жаҳоннинг энг эътиборли мусулмонларининг 500 талик рўйхати 2009 йилдан бери Иордания Қироллик стратегик ислом таълими маркази томонидан тузиб келинади. Муфтий Усмонхон Алимов 2009 йилдан бери рейтингдан мунтазам ўрин олиб келади.

Усмонхон Алимов 1950 йил 1 январда Самарқанд вилоятида туғилган бўлиб, 1982-83 йилларда Бухородаги «Мир Араб» мадрасасида, 1983-87 йилларда эса Тошкент ислом институтида, 1989-90 йилларда Марокашдаги «Каравайин» университетида таҳсил олган. 1987-2000 йиллар давомида Паяриқ туманидаги «Имом Бухорий» масжидида имом-хатиб, 2000 йилдан эса Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг Самарқанддаги бош вакили вазифасида фаолият олиб борган. 2006 йил 8 август куни эса Усмонхон Алимов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига тайинланган.

Муфтий Усмонхон Алимовдан ташқари, жаҳоннинг энг эътиборли мусулмонларининг 500 талик рейтингидан Ўзбекистондан 2009 йилги илк рейтингда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, 2013 йили эса Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов жой олган.