Ҳозир «қизил сайёра» экваторидаги Гейла кратери атрофида одимлаётган роботлар юбораётган ва NASA расмий сайтларига жойлаштирилаётган суратлар япониялик олимлар томонидан ҳам синчиклаб ўрганилмоқда. Шу муносабат билан япон сайтларида «Марсдаги калтакесак» сарлавҳали хабар тарқатилди. Ҳақиқатан ҳам, тошқотган калтакесак расми Ердаги жониворларга ўхшайди. Суратда калтакесак панжалари ва боши, думи яхши фарқланиб турибди. Барча аъзолари ва ҳатто қорамтир яшил туси ҳам уни айнан калтакесак дейишга асос беради. Аслида бу марслик жонивор бошқа махлуқот бўлиши ҳам мумкин. Ҳамма нарсага ишончсизлик билан қарайдиганлар эса, NASA сайтидаги «суратнинг оригиналида калтакесакка ўхшаб кетадиган тошдан бошқа ҳеч вақо йўқ, японларнинг ўзи суратни калтакесакка ўхшатиб бўяган», дейишмоқда. Бундан ташқари, яна иккита тахмин ҳам илгари сурилмоқда: уларнинг бирида калтакесак Марснинг ўзиники, бу ерда ҳаёт бор, деб таъкидланса, иккинчисида «қизил сайёра»да ҳаёт учун шароит мавжудлигини исботлаш учун у Ердан роботлар билан бирга олиб чиқилган дейилмоқда.
Марс сайёраси юзасини тадқиқ этаётган Curiosity аппарати «қизил сайёра» атмосфераси таркибида углерод ва аргон газининг оғир изотоплари миқдори юқори эканлигини аниқлади. Бу Марс атмосферасининг ёйилиш жараёни, биринчи навбатда, унинг юқори қатламларида юз берганини билдиради.