Самарқанд шаҳридаги Ипак йўли халқаро туризм ва маданий мерос университетининг илк битирувчи талабаларига Малайзия туризм, санъат ва маданият вазири Ненси Шукри ўз табрикномасини йўллади. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
“Малайзия ва Ўзбекистон узоқ йиллик бағрикенглик ва меҳмондўстлик анъаналарига асосланган мустаҳкам тарихий ва маданий алоқаларга эга. Бугунги кунда туризм ва маданият дўст мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг стратегик йўналишлари ҳисобланади”, – деб ёзади Малайзия вазири.
Ненси Шукри хоним ўз номасида Ипак йўли туризм ва маданий мерос халқаро университетини муҳим воқеа – олий билим юртининг биринчи қалдирғочлари бўлмиш ёш мутахассисларнинг катта ҳаётга қадам ташлаётгани билан самимий қутлаган.
“Азиз битирувчилар, сиз мамлакатингиз ва Марказий Осиёнинг меҳмондўстлик соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишингизга ишонаман. Малайзия ва Ўзбекистон ўртасидаги туризм алоқаларини биргаликда жадаллаштирайлик! Ўзбекистондаги барча дўст ва ҳамкорларимизга янги муваффақиятлар тилайман”, – дейилади мактубда.
Шу мавзудаги мақола: