Евросиё Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказилаётган Маҳмуд Кошғарий номидаги V халқаро ҳикоялар танловининг Ўзбекистон босқичи якунланди. Халқаро ижодий беллашувнинг Ўзбекистон босқичи www.ziyouz.uz портали томонидан ташкил этилди.
Танлов шартига кўра, ижодкорлар ҳали матбуотда чоп этилмаган, эркин мавзудаги ҳикояларини тақдим этиши кўзда тутилган эди. Ҳайъат эътиборига жами 154 та ҳикоя ҳавола этилди. Иштирокчилар орасида профессионал ёзувчилар билан бир қаторда ҳаваскор қаламкашлар ҳам бўлганини қайд этиш жоиз. Танловда нафақат Ўзбекистон, балки Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон, Ҳолландия каби давлатларда яшаб ижод қилаётган ўзбекзабон адиблар ҳам иштирок этгани қувонарлидир.
Танловга юборилган ҳикоялар етакчи адабиётшунос олим, профессор, ёзувчи ва муҳаррирлар томонидан баҳоланди (холисликни таъминлаш мақсадида ҳакамлар исм-шарифи ва уларга тақдим этилган ҳикоялар муаллифлари номи сир тутилди). Ҳакамлар берган баҳо ҳисобланиб, энг кўп эътироф этилган ҳикоялар ғолиб деб топилди.
Демак, Маҳмуд Кошғарий номидаги V халқаро ҳикоялар танловининг Ўзбекистон босқичи ғолиблари билан танишинг:
1-ўрин. Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон. “Қиёмат” ҳикояси.
2-ўрин. Исажон Султон. “Туман” ҳикояси.
3-ўрин. Баҳодир Қобул. “Отаҳаёт” ҳикояси.
Ўзбекистон босқичи ғолибларига қуйидаги пул мукофоти тақдим этилади:
1-ўрин – 2500 турк лираси
2-ўрин – 1500 турк лираси
3-ўрин – 1000 турк лираси
Ғолибларга мукофотлар октябрь ойида топширилади. Ҳудудий босқичда 1-ўринга муносиб кўрилган ҳикоя халқаро танловнинг якуний босқичига тавсия этилди.
Якуний босқичда Ўзбекистон, Туркия, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Хитой, Ироқ, Эрон, Греция, Болгария, Косово, Кипр, Македония, Руминия каби мамлакатлар, шунингдек, Бошқирдистон, Татаристон, Чувашистон, Хакасия, Ёқутистон, Олтой, Тува, Қрим, Гагаузия, Кавказ (қумуқ, нўғай, қорачой-болқор) каби ўлкаларда яшовчи туркийзабон қалам аҳли ғолиблик учун беллашади.
2018 йил ноябрь ойи давомида якуний босқичга тавсия этилган ижодий ишлар баҳоланиб, ғолиблар номи эълон қилинади. Халқаро танлов ғолибларини тақдирлаш маросими эса 2018 йил декабрь ойида Туркиянинг Анқара шаҳрида бўлиб ўтади.
Якуний босқич ғолибларига қуйидаги пул мукофоти тақдим этилади:
1-ўрин – 20000 турк лираси
2-ўрин – 15000 турк лираси
3-ўрин – 10000 турк лираси.
Танлов доирасида, шунингдек, рағбатлантирувчи мукофот (5000 турк лираси) ҳам таъсис этилган.