Маҳмуд Кошғарий номидаги 5-Халқаро ҳикоялар танловига марҳамат!

Евросиё Ёзувчилар Уюшмаси Маҳмуд Кошғарий номидаги 5-Халқаро ҳикоялар танловини эълон қилади. Унда барча ижодкорлар ҳикоялари билан қатнашишлари мумкин. Халқаро танлов аввал мамлакатлар миқёсида ўтказилади. Мамлакат миқёсида 1-ўринни эгаллаган ҳикоя Халқаро танловга қабул қилинади.

Халқаро танловда Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон давлатларидан, Бошқирдистон, Татаристон, Чувашистон, Хакасия, Ёқутистон, Олтой, Тува, Қрим, Гагаузия, Кавказ (қумуқ, нўғай, қорачой-болқор) ўлкаларидан, Хитой, Ироқ, Эрон, Греция, Болгария, Косово, Кипр, Македония, Руминияда яшовчи туркий халқлар орасидан ғолиб бўлган ҳикоялар иштирок этади.

Маҳмуд Кошғарий номидаги 5-Халқаро ҳикоя танловининг Ўзбекистонда ўтказилиши учун www.ziyouz.uz портали танланди. Танловга юборилган ҳикоялар 5 нафар нуфузли адабиётшунос ва ёзувчилар томонидан баҳоланиб, ғолиблар аниқланади. Холисликни таъминлаш мақсадида ҳакамлар номи эълон қилинмайди. Ҳакамларга ҳикоялар текшириб чиқиш учун муаллифсиз тақдим этилади.

Танлов қоидалари:

1. Танловда қатнашувчи асарлар [email protected] электрон почтасига юборилади.
2. Танловда қатнашувчи асарлар илгари ҳеч қандай танловда иштирок этмаган ва бирон бир матбуот нашрида эълон қилинмаган бўлиши шарт.
3. Ҳикоялар мавзуси эркиндир. Танловга дунёнинг қайси ерида бўлмасин, ўзбек тилида ижод қилувчи ёзувчилар таклиф қилинади. Афғонистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа юртлардаги ўзбекзабон ижодкорлар ҳам қатнашишлари мумкин.
4. Танловда энг кўп 2 та ҳикоя билан қатнашиш мумкин. Ҳикояларнинг ҳар бири камида 1000 (бир минг), кўпи билан 10000 (ўн минг) сўздан иборат бўлиши зарур.
5. Танловга юбориладиган ҳикояларнинг уст қисмига муаллифнинг фақатгина тахаллуси ёзилиши керак.
6. Танлов иштирокчилари шахсий маълумотларини (исми шарифи, туғилган санаси ва ери), манзили, таржимаи ҳоли ва 1 дона фотосуратини алоҳида файлда илова қилиши мумкин. Материаллар ҳакамлар ҳайъатига юборилганда тахаллус, исм-шариф ва бошқа шахсий маълумотлар берилмайди.
7. Ҳикоя компютерда 12 лик шрифтда ёзилган бўлиши ва Ворд файлда тақдим этилиши керак.
8. Танлов учун топширилган ҳикоя матнлари қайтариб берилмайди.
9. Танловда ғолиб бўлган асарларнинг нашр ҳақлари Евросиё Ёзувчилар Уюшмасига оиддир. Ҳикоялар тўплам сифатида чоп этилиши мумкин.

Танлов муддати:

Танловга ҳикоялар 2018 йил 31 августга қадар қабул қилинади. Ғолиблар 2018 йил 30 сентябрда эълон қилинади. Ғолибларни тақдирлаш маросими 2018 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида бўлиб ўтади.
Халқаро танловнинг баҳолаш жараёни 2018 йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтади ва ғолиблар номи эълон қилинади. Халқаро тақдирлаш маросими 2018 йил декабрь ойида Туркиянинг Анқара шаҳрида бўлиб ўтади.

Мукофотлар:

Ўзбекистон миқёсида ғолиблар учун:
Биринчи ўринга – 2500 Турк лираси
Иккинчи ўринга – 1500 Турк лираси
Учинчи ўринга – 1000 Турк лираси

Халқаро мукофотлар:
Биринчи ўринга – 20000 Турк лираси
Иккинчи ўринга – 15000 Турк лираси
Учинчи ўринга – 10000 Турк лираси
Рағбатлантирувчи мукофот – 5000 Турк лираси