Маданий мерос объектларини муҳофаза этишда қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди

Бош прокуратура томонидан маданий мерос ва туризм соҳасидаги қонунчилик ижроси ўрганилмоқда. Қашқадарё вилоятида 1 минг 468 тарихий объектда ўтказилган ўрганиш давомида бир қатор қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланди.

18 та маданий мерос объектида ноқонуний қурилмалар қурилган ва ўзбошимчалик билан таъмирлаш ишлари ўтказилган. Масалан, Яккабоғ туманидаги XII асрга оид Гумбаз масжидининг ички деворлари реставрация қоидаларига зид равишда таъмирланган. Касби туманидаги XIV асрда бунёд қилинган Катлас масжиди деворларига тақаб девор қурилиб, зарар етказилган.

Маданий мерос объектларининг 382 таси ёки 26 фоизида муҳофаза белгилари ўрнатилмаган. Яккабоғ туманидаги XII-XIV асрларга оид Ёдгор Валламин мадрасаси ёки Касби туманидаги XIV асрда қурилган Катта Сардоба ёдгорликлари шулар жумласидандир.

Вилоятдаги 35 тарихий объект таъмирталаб, авария ҳолатига келиб қолган, 10 та маданий мерос объектидан ноқонуний фойдаланиб келинган. 5 та маданий мерос объектига ноқонуний равишда реклама баннерлари ўрнатилган.

Бундан ташқари, туристлар ташриф буюрадиган 58 та маданий мерос объектида ёнғин хавфсизлиги, 49 тасида санитария қоидалари талаблари бузилгани аниқланди.

Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан тегишли таъсир чоралари қўлланиб, уларни бартараф этиш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.