18 май куни Озарбайжонга қарашли Лочин тумани Арманистон томонидан оккупация қилинганига 24 йил тўлди.
Trend ахборот агентлигига кўра, 1992 йили Лочин тумани эгалланиши пайти 63 341 нафар озарбайжонлик ўз еридан сургун қилинган, 300 дан ошиқ ҳарбий хизматчи ҳамда тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган.
Бу вақтда Озарбайжоннинг минтақадаги ҳарбий бўлинмаси пойтахт Бокуда давом этаётган сиёсий курашга жалб этилгани боис ҳудуд буткул назоратсиз қолган. Кузатувчиларга кўра, стратегик муҳим минтақада жойлашган Лочин туманининг эгалланиши Озарбайжон иқтисодиётига катта зарар келтирган.
Шу тариқа Озарбайжонга тегишли 1835 квадрат километр ҳудуд – 121 та қишлоқ, жумладан, саноат корхоналари, маданият масканлари ҳамда тарихий обидалар қўшни давлат назоратига ўтган.
Лочин минтақасида азалдан боғдорчилик, зироаткорлик, асаларичилик ва ҳунармандчилик тараққий этган. Ҳудуд уран, кобальт, олтин, темир каби табиий маъданлар ҳамда доривор гиёҳларга бор. Қолаверса, минтақа сўлим табиати ҳамда ўзига хос ҳайвонот ва ўсимлик олами билан тилга тушган.
Эслатиб ўтамиз, Расмий Боку Тоғли Қорабоғ ва унга туташ 7 та туман (Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизи) Арманистон қуролли кучлари томонидан босиб олинган деб ҳисоблайди ҳамда қўшни давлат ҳарбийлари оккупация қилинган ҳудуддан чиқиши лозимлигини талаб қилади. Арманистон эса тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси манфаатларини ҳимоя қилиб келади.
Гарчи 1994 йилда келишув имзоланган бўлса-да, тўқнашувлар рўй бериб туради. Таҳлилчилар тинчлик келишуви жуда мўрт экани ва исталган пайт тўқнашув рўй бериши мумкинлигидан хавотир билдиради.
Расмий Бокуга кўра, Тоғли Қорабоғ муаммоси БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1993 йил 30 апрель, 1993 йил 29 июль ва 1993 йил 14 октябрда қабул қилган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал қилиниши лозим.