Либерия: Уруш ва тинчлик чeгарасидаги ҳаёт

Либерия республикаси 157 йил аввал америкалик озод қуллар томонидан ташкил қилинган. Мамлакатда 1980 йилга қадар тинчлик ҳукм суриб келарди. Шу йили ҳукумат бошлиғи Вилям Толберт озиқ-овқат нархининг кўтарилиши ортидан бошланган қўзғолон туфайли сержант Самуэл До томонидан бошқарувдан четлатилди.

Йил якунида эса ҳокимиятга Чарлз Тейлор издошларидан иборат Миллий ватанпарварлик фронти келди. Улар Самуэл Дони қатл этишди. Мамлакатдаги нотўғри бошқарув ва чуқур иқтисодий инқироз тез орада фуқаролар урушини келтириб чиқарди. Узоқ давом этган қонли урушлар даврида мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпроғи ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлди…

1997 йилда Либерия президенти этиб сайланган Чарлз Тейлор мамлакатдаги зўравонликлар, жангари гуруҳлар ўртасидаги қуролли тўқнашувларга нуқта қўя олмади. Инқироз 2003 йилда янада кучайди. Минглаб фуқаролар жангари гуруҳлар зулмидан қўрқиб пойтахт Монровияга ёппасига қочиб бордилар. Монровия кўчаларида ҳукумат қўшинлари ва исёнчи жангарилар ўртасида бўлиб ўтган отишмалар чоғи юзлаб кишилар «дайди ўқ» қурбонига айланди…

Уруш даврида тахминан бир ярим миллион киши уйларидан қувиб чиқарилди. Уларнинг бир қисми қўшни мамлакатларга қочиб кетган бўлса, қолганлари урушаётган гуруҳлар тўқнашувида бор молу мулки, уй-жойи, оиласи ва ширин жонидан айрилиб қолди.

14 йиллик хўжасизликдан кейин халқаро ҳамжамият қуролланган ҳолда мамлакатда барқарорлик ўрнатишга киришди. Кўплар томонидан бу Либерия тинчлиги йўлидаги сўнгги имконият, деб баҳоланди. 2003 йил Чарлз Тейлорни ҳокимиятдан кетказиш учун БМТ ҳарбий қисмлари мамлакатга киритилди. Натижада тез орада урушаётган кучлар ўртасида тинчлик битими имзоланди. Турли гуруҳлар вакилларидан иборат Муваққат ҳукумат тузилди. Янги ҳукумат таркибида ҳали ҳокимият бошқарувида ишламаганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Муваққат ҳукумат раисининг ўринбосари М. Жонсон мамлакатни идора этиш оғир кечаётганини айтади. БМТ Бош котибининг Либериядаги махсус вакили Жак Клейн эса ўтган нохуш воқеаларни эсларкан, халқаро ҳамжамият ўзига ҳисоб бериши кераклигини таъкидлайди: «Халқаро ҳамжамият 24 йил давомида Либерияда содир бўлган қотиллик, зўрлик ва қўпорувчиликлар даврида сукут сақлаб келгани учун ўз-ўзидан уялиши керак. Мамлакат иқтисоди бутунлай вайрон бўлди. Мен бу билан мамлакатда электр, алоқа тизими ва бошқа хизматлар ишдан чиққанига ишора қилаяпман. Ҳатто ҳозир ҳам пойтахт Монровияда бир миллион одам тоза ичимлик сувисиз яшаяпти».

Либерия — эндигина нафас рослаб олаётган мамлакат. 2003 йилда жангари гуруҳларни қуролсизлантириш мақсадида қилинган ҳаракатлар зоя кетди. Улар қуролларини ташлашни исташмади. Ҳозирда дунёнинг 49 давлатидан жами 14 минг нафар ҳарбий Либериядаги жангариларни қуролсизлантириш учун ҳаракат қилмоқда. Айни пайтда вазиятни тўғри баҳолаган кўплаб фуқаролар ўз хоҳишлари билан қуролларни топширмоқдалар. Ҳар доим эрта тонгдан қурол қабул қилиш пунктлари одамлар билан гавжум бўлади.

Одамлар шунчалик кўпки, қанчаси қуролини топширади ва яна қанчаси навбат кутиб туради — билиш қийин. Аммо қурол топшираётган кишиларнинг аксарияти энди қандай пул топамиз, нима ҳисобига яшаймиз, деган ўй-хаёллар билан келажакдан хавотирда эканини ҳам билиш мумкин. Бу нарса уларнинг иккиланиб ҳаракат қилишларидан кўриниб туради. Ҳозиргача 20 000 та турли хил қурол-яроғ ва 5 000 000 га яқин автомат ҳамда патронлар тегишли жойга топширилди. Ҳар бир жангчи камида учтадан қурол топшираётганини ҳисобга олсак, ҳали жуда қуроллар хирмони янада баландлаб кетишига шубҳа қолмайди.

Урушлар давомида жангчи кучларнинг катта қисмини болалар ва қизлар ташкил қилган. Ўзини «Мозис», деб атаган бола олти ёшидан бошлаб жангари гуруҳлар билан яшайди ва уларга хизмат қилади. «Ёшинг нечада?» — деб сўраганимизда, у инглиз тилида «тен анд оне» (яъни 11) деб жавоб берди (Тарж. — аслида 11 рақами инглиз тилида «элевен» дейилади. Бу ерда бола инглиз тилини жанглар давомида катталардан узуқ-юлуқ ўзлаштириб олгани кўриниб турибди).

БМТ миссияси қўмондони Жой Мистри болаларни жангда қўллаш сабабларига шундай тўхталади: “Уларни бошқариш осон. Уларни буйруқ ва мажбурлаш йўли билан хоҳлаган йўриғингизга юргиза олишингиз мумкин. Бу эса катталарга қўл келади ва улар ҳаёт лаззатини билмайдиган мурғак гўдаклар қўлига қурол тутқазиб, «душманлари»га қарши жангга ташлайдилар. Табиийки, бу болаларнинг аксарияти биринчи зарбадаёқ жон таслим қилади…” Барча балоғат ёшидаги болалар қуролларини топширгач, кейинги 5 кунни махсус лагерьларда ўтказишади. У ерда болаларга маслаҳат ва тавсиялар берилади.

Кундалик ҳаётга қайтиш нафақат болалар, катталар учун ҳам осон эмас. Урушдан кейин кўп либерияликлар асосий турар-жойларидан олисда, Монровия касалхоналари, эски меҳмонхоналар ва мактаб бинларидан бошпана топганлар. 1,5 миллион киши эса уй-жойидан ажралганлар учун ташкил қилинган махсус лагерьларда кун ўтказиб келади. Мамлакатда 24 та расмий ва яна 15 та норасмий шундай лагерьлар хизмат қилиб турибди. Лагерьларда кечаси хавотир кўтарилади. Чунки жангари гуруҳлар ҳали ҳам лагерьларга вақти-вақти билан ҳужум қилиб қолиши мумкин. Одамлар уйларига қайтишга ҳам қўрқишади. Халқ жангарилар тўла қуролсизлантирилганига ишонч ҳосил қилиш илинжида воқеаларни диққат билан кузатиб турибди.

Халқаро Қизил хоч жамияти вакили Милтон Гертии Мозисга онасини топишда ёрдам бераяпти. Аммо буни рўёбга чиқариш жуда мушкул. Чунки болакай қачон ва қаэрда туғилганини билмайди. Умуман, етарлича таълим кўрмагани учун Мозис каби кўп болалар ота-оналарининг яшаш манзилини, ҳатто қайси шаҳардан келиб қолганларини ҳам билишмайди.

Белгиланган 2 йиллик муддат ичида ҳозирги муваққат ҳукумат жангариларни тўла қуролсизлантириш, фуқароларни ўз уйларига қайтариш ва эркин сайловлар ўтказиб мамлакатни ўз изига солишни режалаштирган.

Либерия — табиий ресурсларга бой мамлакат. Ҳудудида жуда катта олтин, олмос конлари ва каучук хомашёси бор. Бугунгача Либерияда 59000 жангари қуролсизлантирилди. Яна 50000 киши қуролсизланиш арафасида турибди. Ҳозирги паллада, энг муҳими, мана шу одамларни тинч ҳаётга ўргатиш, уларни иш билан таъминлаш ва шу йўл билан мамлакатни қайта тиклаш зарур. Шундай қилинса, тинчлик ўрнатилади. Ўшанда Мозис каби болакайлар ўз келажакларидан хавотирга тушмасалар ҳам бўлади.

Отабек ОМОНҚУЛОВ таржимаси