АҚШ коронавирусга қарши курашиш доирасида Ўзбекистонга 273780 доза “Pfizer” вакцинаси ҳадя қилди. Бу 800280 доза вакцинанинг иккинчи партиясидир. 526,5 минг дозадан иборат биринчи партия 18 октябрда Тошкентга етказиб берилган.
Ушбу ҳадя Америка Қўшма Штатлари ҳукуматининг коронавирус билан боғлиқ глобал COVAX ташаббуси орқали дунё бўйлаб беғараз тарқатаётган хавфсиз ва самарали 1,1 миллиард доза вакцинанинг бир қисмидир, деб хабар беради АҚШ элчихонаси матбуот хизмати.
“Биз вакциналарни бирор шартларсиз етказиб бермоқдамиз. Бу вакциналар инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш ва пандемияни тугатишга ёрдам бериш учун тарқатилмоқда. Ушбу юқумли касалликдан холи ва хавфсизроқ дунёни барпо этиш учун биз қўлимиздан келган барча ишни қилишда давом этамиз”, – деди АҚШнинг мамлакатимиздаги элчиси Дэниэл Розенблюм.
АҚШ жорий йил 29 июль куни ҳам Ўзбекистонга COVAX дастури доирасида 3 миллион 60 доза “Moderna” вакцинасини беғараз кўмак тариқасида тақдим этган эди. Шунингдек, COVAX (COVID-19 вакцинасидан дунё миқёсида тенг фойдаланишга қаратилган халқаро ташаббус) доирасида АҚШ ҳукумати қисман молиялаштирган “AstraZeneca” вакцинасининг бир миллионга яқин дозаси ҳам мамлакатимизга келтирилган.
Бундан ташқари, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) вакциналарни хавфсиз ва самарали тарқатиш, жумладан, тиббиёт ходимларини ўқитиш, вакцинани керакли ерга етказиш ҳамда одамларни эмланишга рағбатлантиришда юртимизни қўллаб-қувватламоқда.
Пандемия бошланганидан буён USAID кенг кўламли тестлар учун миллий лаборатория тизимларини кучайтириш, лаборатория ва соғлиқни сақлаш муассасаларида инфекцияларни назорат қилиш, диагностика қобилиятини ошириш, COVID-19 кузатуви ва унга тезкор жавоб беришни яхшилаш, инфекция юқтирган одамларни даволашни кучайтириш, жамоатчиликнинг коронавирус ҳақидаги хабардорлигини ошириш ҳамда жамоа иштироки ва кўнгиллиларни сафарбар қилишда Ўзбекистон билан яқиндан иш олиб бормоқд.
Қўшма Штатлар ЖССТнинг COVAX глобал вакцина ташаббуси доирасида энг йирик донор ҳисобланади.
“АҚШ дунё миқёсида COVID-19га тегишли жавоб қайтаришни бошқаришга содиқдир, чунки шундай қилиш тўғри ишдир ва у ҳам америкаликлар, ҳам ўзбекистонликлар учун бирдай хатарсиздир. Биз пандемияни тугатиш ва яхшироқ дунёни барпо этишда Ўзбекистон билан бирга иш олиб боришдан фахрланамиз”, – дейилади АҚШ элчихонаси хабарида.
АҚШ президенти Жо Байден жорий йил июнь ойида кам даромадли мамлакатларга ковидга қарши эмдориларни хайрия қилиш режасини эълон қилган эди. Ушбу режага кўра, ярим миллиард дозанинг 200 миллиони жорий йил якунига қадар, қолган 300 миллиони эса 2022 йилнинг биринчи ярмида тўлиқ етказилади.