Жанубий Осиё: Қурбонлар кундан-кун кўпаймоқда

Жанубий Осиё мамлакатлари жуда катта йўқотиш ва мусибат билан янги йилни кутиб олди. Сабаби эски йилнинг 26 декабрь куни бўлиб ўтган ер силкиниши келтириб чиқарган кучли тўфон Шри Ланка, Ҳин-дис-тон, Индонезия, Таиланд, Малайзия давлатлари, Малдив оролларидаги бир қатор кичик мамлакатларга ўта жиддий талофат етказди.

Воқеаларни кузатиб борар эканмиз, бу табиий офат ҳақидаги янги ва янги маълумотлар жаҳон афкор оммасига соатма-соат етказилаётганлигига гувоҳ бўляпмиз.

29 декабрь, чоршанба

Индонезия Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган хабарда фалокат оқибатида ушбу давлатнинг ўзида 27 минг киши қурбон бўлгани айтилди. Шри Ланкада эса, 18 минг одам тўфон гирдобида қолиб кетган. Ҳиндистон бу офат туфайли 8 минг кишини йўқотди. Тайландда 1500 одам қурбон бўлган. Уларнинг кўпчилиги бу ерга дам олгани келган сайёҳлардир. Барча давлатларда чет эллик сайёҳларга ёрдам бериш, уларни ўз уйларига жўнатиб юбориш чоралари кўрилмоқда.

Қаттиқ зилзиладан келиб чиққан тўфон, шунингдек, Малайзия, Малдив ороллари, Бирма, Бангладеш ҳамда Африка қитъасининг Сомали, Кения ва Танзания мамлакатларида юзлаб кишиларнинг жонига зомин бўлди. Фалокат юз берган мамлакатларда миллионлаб одамлар бошпанасиз қолган. БМТ расмийларининг тахминларига кўра, келтирилган зарар миллиардлаб АҚШ долларига тенг бўлиши мумкин.

29 декабрьдаги сўнгги хабарларда тўфон Янги Зеландия соҳилларигача етиб боргани айтилди. Янги Зеландия Сув ва атмосфера миллий тадқиқот институти маълумотларига кўра, Янги Зеландия соҳилларида сувнинг сатҳи 10 см дан 30 см гача кўтарилган. Орол соҳиллари тўфон бошланган жойдан 8 минг км узоқликда жойлашган. Айтилишича, тўфон тўлқинлари у ерга 17 соатда етиб борган. Сув сатҳининг кўтарилиши Янги Зеландияга ҳеч қандай зарар келтирмаган.

30 декабрь, пайшанба

Хабарларга кўра, камида 70 мингдан ортиқ киши нобуд бўлганлиги айтилди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, тўфондан зарар кўрган аҳолига зудлик билан ёрдам кўрсатилмаса, улар керакли тиббий муолажаларни олмасалар, минглаб одамлар яна қурбон бўлиши мумкин. Уларга юқумли касалликлар хавф солмоқда. Агар касаллик тарқаладиган бўлса, тўфон натижасида ҳалок бўлганлар сонидан ҳам кўпроқ одамлар дунёдан кўз юмади. Ҳудудларда минглаб жасадларнинг кўмильмасдан ётганлиги, сувнинг ифлосланганлиги инсон саломатлиги учун хавфлидир.

Тўфон жаҳон иқтисодиёти учун ҳам, айтиш мумкинки, анча-мунча зарар етказди ва етказади. Табиий офатдан зарар кўрган мамлакатларда иқтисодиётни тиклаш учун анча иш қилиш ҳамда катта сармоя киритиш керак. Дунёнинг етакчи мамлакатлари бу ишга ҳисса қўшиши лозим.

Шри Ланка ҳукумати ва табиатни муҳофаза қилиш ташкилоти кучли офатдан кейин Ҳинд океани соҳилларидан 22 минг инсон танаси қутқарувчилар томонидан йиғилган бўлсада, бирор-бир ҳайвон ёки қуш ўлигига дуч келинмаганлигига ажабланмоқда.

Кучли тўлқин қирғоқдан уч километр ичкарига кирган. Бу ерда эса, юзлаб ёввойи ҳайвонлар ва кўплаб турдаги қушлар яшайдиган Яла қўриқхонаси бор эди.

— Қўриқхонадаги ҳамма филлар ва леопардлар тирик юрибди, ҳатто бирорта қуён ҳам ўлмабди. Менинг ўйлашимча, ҳайвонларда олтинчи туйғу мавжуд. Улар рўй беражак фалокатни олдиндан билган ва бу ердан кетиб қолган, — дейди қўриқхона директори Х.Д. Ратнайяке.

Содир бўлган зилзила ернинг ўз ўқи атрофида айланишини уч микросекундга тезлаштирган. Ҳамда Суматра оролларининг 30 метр сурилишига сабаб бўлган. Олимларнинг айтишича, бу унчалик ваҳима қиладиган ҳодиса эмас. Ер қобиғида 600 кмдан кам бўлмаган ёриқ пайдо бўлди.

Айни кунларда дунёнинг етакчи давлатлари аэропортидан Жанубий Осиё мамлакатларига инсонпарварлик юклари ортилган самолётлар учмоқда. Ўндан ортиқ давлат қутқарувчилари биргаликда қидирув-қутқарув ишларини олиб бормоқда.

Табиий офатдан жабрланган давлатлар ҳукуматларининг энг катта умиди инсонпарварлик ташкилотларидан, яъни БМТдан. Шри Ланка ҳукуматининг билдиришича, минглаб уй-жойсиз, озиқ-овқатсиз қолган одамларга ёрдам бериш учун давлатнинг пули етмайди. Ҳар соатда қурбон бўлганлар топилиб турибди.

Малдив расмийлари ҳам фалокат давлат иқтисодиётини кескин тушириб юборганини расман эълон қилди. Чунки, даромад асосан пулдор сайёҳларнинг бу ерда дам олишидан тушарди. БМТ экспертлари ташкилот тарихида ҳали бирор марта қутқарув ишларини бир вақтнинг ўзида 10 дан ортиқ давлат олиб боришини бошқариб турмаганди.

Чет эллик сайёҳлар тақдири ҳам барчанинг диққат марказида. Дам олишга борганларнинг тирик қолгани ўз юртига ҳеч қандай ҳужжатсиз ва ҳеч нарсасиз қайтмоқда. Дастлабки хабарларда турли мамлакатларнинг икки минг фуқароси қурбон бўлган, деган тахминлар бор эди. Сўнгги хабарларда эса, бу рақамлар 10 мингга етди. Ҳаттоки бутун бошли оилалар дом-дараксиз эканлиги айтилмоқда.

Ичимлик суви, озиқ-овқат, дори-дармонлар етказилиши давом этмоқда. Дунё ҳамжамияти тўфондан талофат кўрган давлатларга ёрдам қўлини чўзмоқда.

31 декабрь жума

Фожеа қурбонлари сони 122 минг-га етгани айтилди. Жаҳон банки талофат кўрган давлатларга 250 миллион доллар ажратишини маълум қилди.

Шарифа МУРОДЖОН қизи тайёрлади