Истанбул шаҳрида янги маърифат маскани – Рами кутубхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон қатнашди.
Маданият ва туризм вазирлиги тасарруфидаги Рами кутубхонаси шаҳарнинг Айюб Султон мавзесида жойлашган бўлиб, ХVIII асрга оид ҳарбий казарма ўрнида очилди. 2014-2023 йилларда давом этган қурилиш ва қайта тиклаш ишларидан сўнг Рами кутубхонаси Истанбулдаги энг катта кутубхонага, Европанинг ўзига хос хусусиятларига эга саноқли етакчи кутубхоналаридан бирига айланди.
Рами мажмуаси 4200 кишига мўлжалланган бўлиб, у кўплаб бўлимлар, жумладан, болалар кутубхонаси, рақамли кутубхона, ёшлар кутубхонаси, катталар кутубхонаси ва турли ихтисослаштирилган кутубхоналарга эга.
Замонавий кутубхона хизматларини кўрсатиш мақсадида мажмуада 24 соатлик ўқув заллари, болалар бўлими, гуруҳ ва индивидуал ўқув заллари мавжуд. Кутубхона 36 000 м² ёпиқ майдонда 2,5 миллион жилдни ўз ичига олган бисотга эга. 51 000 м² яшил майдон эса ушбу масканни Европадаги “энг катта ёпиқ ландшафт майдонига эга кутубхона”га айлантирган. Улкан яшил майдондан ташқари кутубхонада дарахтлар билан ўралган 1000 м² сунъий ҳовуз ҳам мавжуд.
Рами кутубхонаси Туркиянинг биринчи “Биосфера барқарор музейи сертификати”га ҳам эга. Маърифат маскани “тирик кутубхона” тушунчаси ва замонавий кутубхоначилик концепцияси доирасида жамиятнинг маданий, илмий ва бадиий эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда барпо этилди. Кутубхона барча ёшдаги меҳмонларни ўзига жалб қилади. Масалан, биргина бўлимда Туркия Республикаси тарихи, турк тили ва маданияти, айниқса, Отатурк тарихига оид асарлар билан бирга ижтимоий ва гуманитар фанлар соҳасида фаолият юритаётган тадқиқотчилар ва китобхонларга хизмат кўрсатадиган 20 мингдан ортиқ китоблардан иборат бой тўплам тақдим этилган.
Кутубхона инвентарида рўйхатга олинган қўлёзмалар ва нодир босма асарлар, қўлёзмалар кутубхонаси ичида жойлашган “Шифаҳане” (қайта тиклаш бўлими)да сақланади. Жилд ва китобларнинг эскирганлиги кутубхона лабораториясидаги тадқиқотлар орқали баҳоланиб, қайта тиклаш ишлари мутахассислар томонидан олиб борилади. “Шифаҳане”даги асарлар тегишли шароитда сақланади ва мунтазам равишда назорат қилинади.
Маданият, тарих ва санъат соҳаларида Истанбулда “биринчи диққатга сазовор жой” бўлиши кутилаётган Рами кутубхонаси ўқувчилар ва тадқиқотчиларга миллионлаб китоблар, илмий материаллар ва рақамли манбаларни тақдим этади. Кутубхонада йил давомида суҳбатлар, семинарлар, маҳорат дарслари ва кўргазмалар ҳам ўтказилади.
Архив маълумотларига кўра, Рами казармаси Усмонийлар султони Мустафо III (1757-1774) даврида вазир Рами Меҳмет пошо томонидан қурилган. Республика даврида ҳам армияга хизмат қилган казармалардан 1960 йилларгача фаол фойдаланилган. Эндиликда ушбу барак Туркиянинг энг асосий кутубхоналаридан бирига айлантирилди.