Саёҳат йўналишидаги “Condé Nast Traveler” журнали Туркиянинг Истанбул шаҳрини Европанинг биринчи рақамли шаҳри деб эълон қилди. Кўп сонли журнал муштарийлари орасида ўтказилган сўров якунига кўра ушбу тўхтамга келинган. Энг яхши шаҳарлар рўйхатида 93,67 балл билан Истанбул биринчи ўринни эгаллаган бўлса, кейинги ўринларда Порто (Португалия) ҳамда Сан Себастян (Испания) шаҳарлари қайд этилган.
1987 йилдан бери чоп этиб келинаётган, қароргоҳи АҚШда жойлашган “Condé Nast Traveler” журнали туризм йўналишида нуфузли нашрлар сирасига киради.
“Ҳозир Истанбулга сафар қилмоқнинг айни вақти!” – дея изоҳ ёзди ушбу қувончли хабар билан ижтимоий тармоқда бўлишган Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил сентябрь ойида АҚШнинг “Travel and Leisure” журнали ҳам Истанбулни Европанинг энг яхши шаҳри деб эълон қилган эди. Туризм йўналишидаги етакчи саналган журнал “World’s Best Awards 2021” танлови доирасида жорий йил 11 январдан 11 майга қадар минглаб сайёҳлар иштирокида ижтимоий сўров ўтказган ва Шарқу Ғарб чорраҳасида жойлашган Истанбулни энг яхши деб топган.
“Travel and Leisure” журнали Истанбулга таъриф берар экан, уни уч йирик империянинг тарихий пойтахти деб атайди.
“Истанбул Рим, Византия ҳамда Усмонийлар империялари пойтахти бўлган. Айни чоқда, бу шаҳар бетакрор замонавий маданият, архитектура, тижорат марказлари ҳамда пазандалик анъаналарига эга”, – дейилади таҳририят мақоласида.
Истанбул икки қитъа – ҳам Европа, ҳам Осиёда жойлашган ягона шаҳардир. Кўп миллионли аҳолини ўз бағрига олган мегаполис мамлакатнинг иқтисодий-молиявий, маданий-маърифий пойтахти саналади. Кўҳна шаҳар 2010 йилда Европанинг маданий пойтахти мақомига ҳам сазовор бўлган.