Осиё ва Европанинг учрашув нуқтаси бўлган Истанбулнинг ноёб порт иншооти – Галатапорт круиз туризмида муҳим ўрин тутади. Қоракўйдаги янгиланган ушбу тарихий порт шаҳарнинг тез ривожланаётган туризм сегментида алоҳида аҳамият касб этади.
Саккиз минг километрдан ортиқ қирғоқ чизиғига эга Туркия гўзал саёҳат бекатлари ва Ўртаер денгизи ҳавзасининг муҳташам портларига мезбонлик қилади. Жумладан, Истанбулнинг Галатапорти гастрономиядан харидгача, санъат ва маданиятдан тарихгача – хилма-хил саёҳат тажрибаларини қидираётган сайёҳларнинг эътиборини тортади.
2022 йилда Галатапорт 150 га яқин кема ва 350 минг йўловчи ва экипаж аъзоларини қабул қилди. Круиз туризмида ўрни ошиб бораётган Истанбул кўплаб круиз йўналишлари ва турли сиғимли кемалар томонидан уй порти сифатида белгиланган. Айни пайтда Галатапортнинг уй порти сифатидаги улуши 50 фоизга етди, бу кўрсаткични янада ошириш учун саъй-ҳаракатлар давом этмоқда.
Галатапорт 29 минг м² ерости круиз терминалига эга бўлиб, круиз туристлари қулай ва хавфсиз саёҳат имконига эга бўлади. Red Dot Design мукофотига сазовор бўлган ерости терминал замонавийлик ва тарихийлик уйғунлашган дизайни билан ҳайратда қолдиради.
Барча турдаги круиз кемаларини қабул қилишга мўлжалланган Галатапорт ҳудуднинг тарихий ва маданий хусусиятларига кўра сайр маршрутини тақдим этади. Бундан ташқари, улкан мажмуада турк ва халқаро ошхоналари, савдо ва санъат марказлари, ёпиқ ва очиқ кўргазмалар мавжуд.
Аясофия жомеъ масжиди, Мовий масжид, Топкапи саройи, Еребатан сардобаси, Капали чарши, Зираворлар бозори, Галата қалъаси, Таксим майдони, Долмабаҳче саройи каби каби машҳур иншоотлар Галатапортга яқин жойлашган.
Мажмуада, шунингдек, Мимар Синан нафис санъат университети музейи ва янги Истанбул модерн музейи мавжуд. Икки музей ҳам турк ва халқаро санъат асарлари коллекциялари билан машҳур.
ХIХ асрда Султон Абдулмажид томонидан қурилган ва ижодий лойиҳа доирасида қайта тикланган Топҳане соат минораси майдонида ҳам йил давомида жонли ижролар, махсус очиқ кўргазмалар, маданий тадбирлар ва Бейўғлу каби халқаро фестиваллар ўтказилади.
Мавзуга доир мақолалар:
Истанбулда кўп миллионли фондга эга кутубхона фойдаланишга топширилди. 16.01.2023
Истанбул иккинчи бор Европанинг энг яхши шаҳри деб топилди. 06.10.2021