Исроил ва Ливан ўртасида давом этаётган навбатдаги уруш Яқин Шарқ аҳолиси истаётган осойишта ҳаёт орзуси ҳали-бери ушалмаслигини яна бир карра исботлади. Айтиш керакки, бу каби энг оғир ва мураккаб уруш даврларида ҳам Исроил Араб мамлакатларидаги махфий жосуслик фаолиятини тўхтатмаган.
Элиезер САФРИР бундан ўн йиллар аввал Исроил махфий хизмати – Моссадда жосус сифатида иш олиб борган. Ҳозирда Тел-Авив шаҳрида истиқомат қилаётган истеъфодаги генерал «Время новостей» мухбири Елена СУПОНИНАга бир пайтлар мутлақо махфий тамғаси остида сир тутилган пинҳоний разведка фаолияти хусусида сўзлаб берди.
– Сиз Исроил разведкаси – Моссад агенти сифатида Ироқда иш олиб боргансиз. Наҳотки, бу Саддам Ҳусайн даврига тўғри келган бўлса?
– Ҳа. 1974-75 йиллар. Бу пайтда Ироқ президенти Аҳмад Ҳусайн Бакр эди. Саддам Ҳусайн мамлакатда расман иккинчи шахс бўлсада, амалда биринчи бўлиб улгурганди.
– Лекин у пайтларларда Ироқ Исроил билан яхши алоқада бўлмаганди. Нима сиз Ироқда ноқонуний турганмисиз?
– Мен Ироқнинг шимоли-шарқида Диан ва Эрон билан чегарада жойлашган Хаж Умран шаҳарчаларида фаолият олиб борганман. Бу ерларда араблар эмас, курдлар истиқомат қилади. Менинг миссиям ўта махфий эди. Фақатгина ўша ҳудудларни назорат қилиб турган курд етакчиси Мустафо Барзан ва унинг энг яқин одамларигина кимлигимни билишарди. «Парда ортида» ишлардим. Мен исроиллик ҳам, яҳудий ҳам эмасдим. Мен Европа мамлакатларининг бирида яшовчи ишбилармон эдим. Буни тасдиқловчи паспортим ҳам бор эди.
– У қайси давлат эди?
– Буни айтолмайман.
– Курдлар нима учун Исроил махсус хизмати билан алоқа ўрнатишган?
– Курдлар Ироқда қатағонга учраганди. Қирол даврида ҳам, ундан кейин – 1958 йилги инқилобдан сўнг ҳам, Саддам даврида ҳам аҳвол шундай эди. Дунёда ҳеч ким курдларга кўмак беришни истамасди. Ана шундай оғир ҳолатда курдлар бизга ёрдам сўраб мурожаат қилишди. Улар биринчи навбатда курд тилида эшиттиришлар узатадиган радиостанция сўрашди. Яна енгил ўқотар аслаҳалар. Бир сўз билан айтганда, арзимас нарсалар. Шу тариқа курдларга оз бўлмаган миқдорда қурол, ўқ-дори, ҳатто артиллерия аслаҳалари етказиб бердик. Биз Ироқдаги миллий озчилик билан алоқаларни мустаҳкамлашга қарор қилдик ва бу борада қўшни Эрон раҳбарияти билан ҳам кенгашиб олдик. Бу пайтда Эронда Исроил билан яхши муносабатни сақлаб қолган шоҳ Ризо Паҳлавий ҳокимият тепасида эди.
– Курдлар сизлардан қайси давлатда ишлаб чиқарилган қуролларни олишарди?
– Қуроллар совет давлатида ишлаб чиқарилган бўлиб, биз уларни араблар билан урушлар пайтида ўлжа қилиб олгандик. 1973 йилги уруш эндигина якунланган ва бизда қурол деганларидан сероб эди.
– Қойил, Исроил араблар билан ҳам, Совет Иттифоқи билан ҳам «салом-алиги» йўқ бўла туриб, СССР қуролларини Ироққа сотишни уддалаган эканда?
– Ҳа-ҳа. Бу бизнинг совғамиз эди. Биз текинга келган қуролларни текинга курдларга бериб қўяқолардик. Курдлар бу қуроллардан Ироқ армиясидан мудофаа мақсадида фойдаланишарди.
– Америкалик ҳамкорларингиз Моссаднинг Ироқдаги фаолиятини қўллашармиди?
– Марказий разведка бошқармаси ҳам курдларга биз каби кўмак бериб турарди.
– Сиз ўша пайтда қайси лавозимда бўлгансиз?
– Биласизми, Моссад тизимида ҳарбий лавозимлар йўқ. Биз фуқаровий хизматчилармиз. Менинг ўша пайтдаги ҳолатимни ҳарбий тизимдаги полковникка тенглаштириш мумкин. Истеъфога эса гўё бригада генерали мақомида чиққанман..
– Ўша пайтдаёқ Ироқ шимолидаги Мосул шаҳридан Исроилнинг Хайфа шаҳрига қадар борадиган нефть қувурларини тиклашни кўзлагансизлар. Шундай эмасми? Бу қувур 1948 йилги араб-исроил урушига қадар ҳам мавжуд эди… Эндиликда ана шу қувурни тиклаш мумкинми?
– Албатта. Ироқда вазият барқарорлашгандан кейин буни амалга ошириш мумкин.
– Иккинчи узоқ давом этган сафарингиз Эронда ўтди. Бу қайси даврга тўғри келганди?
– Шоҳ ҳокимияти инқирозга юз тутаётган 1978-79 йилларда. 1979 йилги февраль инқилобидан кейин бир ҳафтача яшириниб ўтиришга тўғри келди. Ҳокимият тепасига келганлар орасида ақлли кишилар ҳам бор эди. Ана ўшалар Эронни тарк этишимизга ёрдам беришди.
— Сиз имом Ҳумайний билан бирга бўлган ислом инқилобчиларини айтяпсизми? Наҳотки, улар ҳам исроилликлар билан алоқа ўрнатган бўлса?
— У пайтларда Эрон ҳукуматини дипломатларга муносабат борасида халқаро ҳуқуқ меъёрларига риоя этиш тарафдори бўлган Маҳдий Базарган бошқарарди. Унинг ўринбосари давлат тўнтаришдан кейиноқ америкаликларни олиб чиқиш кетиш учун ташкил этилган махсус рейсдан бизга ҳам жой топиб берди.
Исроил томонидан менга ҳаёти хавф остида қолган ватандошларимни олиб чиқиб кетиш вазифаси топширилганди. Биз ошкора ишлагандик. Шоҳ даврида Эрон билан алоқалар яхши эди. Ўша пайтларда Теҳронда 1300 исроиллик ишларди. Қатор хатолар туфайли биз ўз вақтида чиқиб кетолмадик. Энг даҳшатли кунларда 34 нафар исроиллик Эронда қолганди. Давлат тўнтариши 1979 йилнинг 11 февральида рўй берди. Биз эса амалаб 18 февраль куни Эронни тарк этишга муваффақ бўлдик.
— Исроил Эронни 1979 йили йўқотдими?
— Албатта. Бу жуда катта йўқотиш бўлди. Биз Эронни узоқ муддатга йўқотдик.
— Балки бу ўзларингизнинг айбингиздир?
— Нега? Қандай айбимиз бўлиши мумкин?
— Эҳтимол, Исроил разведкасининг вазифаси Эронда яҳудийлар билан дўстона алоқада бўлган режимни сақлаб қолиш, махсус хизматлар воситасида сиёсий тўнтаришларнинг олдини олиш бўлгандир…
— Эрондаги ислом инқилоби халқнинг кучли қўллаб-қувватлаши натижасида рўй берди. Бу тор доирадаги зобитларнинг ҳаракати эмас эди. Буни 1917 йили Россияда амалга оширилган тўнтаришга қиёслаш мумкин. Бундай қудратли тўлқинни тўхтатиб қолиш амри маҳол эди.
— Шоҳ тузумига хавф туғдирган Ҳумайний Францияда узоқ муддатда муҳожирликда яшади…
— Француз президенти Жискар д“Эстен ички ишлар вазири орқали иқтисодий дивидендлар эвазига Эрон шоҳига Ҳумайний билан муносабатларни ҳал қилиб олишни таклиф қилди. Масалан, Ҳумайний бирор бир бахтсиз фалокатга учраса, Париж бундан кўз юмадиган бўлди. Лекин шоҳ бундай ишга журъат этмади.
— Исроил янги ҳукумат билан алоқа ўрнатишга уриндими?
— Уринишлар бўлди. Янги ҳукумат вакиллари биздан қурол сотишни илтимос қилишди. Ахир, 1980 йили саккиз йилга чўзилган Эрон-Ироқ уруши бошланганди. Дастлаб биз қурол-аслаҳа жўнатиб турдик. Бироқ маълум муддатдан кейин эронликлар энг замонавий аслаҳа талаб қила бошлашди. Бунга эса Америка кескин қарши чиқди.
— Эронга қаэрда ишлаб чиқарилган аслаҳа сотгансизлар? Наҳотки, яна Совет Иттифоқи қуроллари бўлса?..
— Йўқ, албатта. Эрон у пайтда шоҳ замонидан мерос бўлиб қолган Ғарб қуроллари билан урушган. Ироқ эса Совет ҳарбий техникаси билан. Биз Эронга Исроил ва қисман Америка қуролларини етказиб бергандик. Бироқ Америка қуроллари маълум йил чегарасида бўлиб, энг замонавийларини сотиш мумкин эмас эди. Эронликлар биздан қурол олишар экан, Исроил билан алоқаларни яхши сақлашга ваъда беришди. Бироқ бундай бўлиб чиқмади. Очиғини айтганда, бундай ваъда берганлар янги ҳукуматда у қадар таъсирга ҳам эга эмас эди. Шу тариқа янги ҳукумат аввал-бошдан бизга қарши баёнот билан чиқди ва Америка ҳамда Исроилни «катта ва кичик шайтонлар» деб атади.
— Лекин кейинроқ саудиялик Аднан Хашоггий Исроилни Эронга қурол сотиш ишига тортмоқчи бўлдику?
— Саудиялик Аднан Хашоггий 1980-йиллардаги «Эронгейт» иши ташаббускори бўлган (Изоҳ: расмий тақиқларга қарамасдан Америка қурол-яроғининг Эронга сотилгани Қўшма Штатларда катта сиёсий можароларга олиб келди). У исроиллик бизнесмен Яков Нимроди билан дўстлашганди. Улар Исроилга Эрон қурол сотиб олмоқчи эканини маълум қилишди. Расмий ҳукумат ўз навбатида Вашингтонга мурожаат қилди. Оқ уй бунинг учун шарт қўйди: Ливандаги Эрон назоратида бўлган гуруҳ гаровга олинган исроил учувчиси Рон Арад ва америкалик Уилям Баклини озод қилиши керак. Бироқ Ливанда Бакли ҳам, Арад ҳам эмас, бошқа бир гаровга олинган шахс озод қилинди. Муносабатлар шу билан узилиб кетди. (Уилям Бакли — Марказий разведка бошқармаси агенти, Ливан элчихонасида дипломат ниқобида фаолият юритган. 1984 йилнинг 16 мартида ўғирланган ва ўлдирилган. Рон Арад — Исроил учувчиси, 1986 йили Ливан осмонидан уриб туширилган ва асир олинган. Унинг тирик ёки вафот этгани ҳали ҳам номаълум).
— Иордания ва Мисрдан ташқари, Саудия Арабистони ва бошқа араб мамлакатлари ҳам Исроил билан дипломатик алоқа ўрнатмаган. Лекин гапларингиздан келиб чиқяптики, сизлар баъзида ҳамкорлик ҳам қилиб тургансизлар… Ҳозирда Саудия миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари бўлган шаҳзода Бандар ҳам Исроил ва Америка асирларини озод қилиш музокараларида воситачилик қилганди…
— Исроил маълум пайтларда араб махсус хизматлари билан пинҳоний алоқаларни кучайтиради. Бу ҳар доим ва ҳамма давлатлар билан ҳам бўлавермайди. Бироқ бундай ҳамкорлик мавжуд…
— Сиз Байрутда хорижликларни гаровга олиш роса авж олган даврда ишлагансиз. 12 июль куни Исроилнинг Ливанга ҳарбий операция бошлашига ҳам гаров ҳодисаси сабаб бўлди. Бундай фавқулодда ҳолатлар юза келган пайтда қандай ҳаракат қилиш керак?
— Гаровдагилар билан муносабат борасида шундай хулосага келдим: ҳаттоки инсонларни озод қилиш учун ҳам босқинчиларга ён бериш мумкин эмас. Ғарб давлатлари асирларни озод қилиш борасида турли шартларга кўниб, катта хатога йўл қўйишади.
— Нима учун? Ахир, буларнинг бари инсонларни тутқинликлан халос этиш учун қилинадику?!
— Фикримча, Исроил ҳам, бошқа давлатлар ҳам асирларни озод қилиш борасида қўпорувчиларнинг сўзига кирмаслиги керак. Акс ҳолда бундай жиноятларни тўхтатиб бўлмайди. Афсуски, Исроил раҳбарлари — Ишоқ Рабин ҳам, Ариел Шарон ҳам исроилликларни асирликдан халос этиш борасида қўпорувчиларга ён босиб, хато қилишди.
— Демак, асирларни озод қилиш бўйича музокаралар олиб бориш мумкин эмас. Нима шу йилнинг июньида Бағдодда гаровга олинган россиялик дипломатларни қатл этишгани каби асирларни ўлдиришларини кутиб ўтириш керакми?
— Бу борада асирларни озод қилиш бўйича кучли операциялар ўтказадиган махсус хизматларни шакллантириш зарур. Албатта, бунга ҳар доим ҳам эришиб бўлмайди. Мисол учун, Ливанда Исроил махсус хизмати машҳур террорчи Имад Муғний ва «Ҳизбуллоҳ» раҳбари Ҳасан Насруллоҳни йўқ қилиш учун неча бор уринди. Лекин улар ҳамон ҳаёт…
www.vremya.ru сайти материали асосида Абдул СОБИР тайёрлади.
www.hurriyat.uz дан олинди.