30 январь куни Ироқда парламент сайлови бўлиб ўтди. Мамлакат аҳолиси илк бор кўппартиявийликка асосланган, демократик йўл билан ўтказилган сайловда 7761 нафар номзод орасидан 275 депутатни танлаб олиши керак эди. Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки маълумотларига кўра, Ироқ аҳолисининг 60 фоизи сайловда иштирок этган.
Демократик тамойилларнинг қарор топишида муҳим омил сифатида баҳоланаётган ушбу сиёсий тадбирга жаҳон ҳамжамияти катта қизиқиш билдирди. Сайлов жараёни хорижлик мутахассислар томонидан мунтазам кузатиб борилди.
Чет элларда муҳожирликда яшаётган ироқликлар ҳам парламент сайловларида фаол иштирок этгани айтилмоқда. Масалан, Австралияда 11 минг ироқлик яшайди. Улар чет элларда яшаётган ироқликлар орасида биринчи бўлиб жума куни Сидней шаҳрида ташкил этилган сайлов участкаларида байрамона руҳда овоз берганлар.
Ҳозирда Эрон энг кўп ироқликлар яшаётган давлат ҳисобланади. Бу мамлакатда 61 минг ироқлик сайловда қатнашиш учун рўйхатдан ўтди. Улар Эрон пойтахти Теҳронда ташкил этилган сайлов участкасида овоз берган.
Европа мамлакатларидан Швецияда 31 минг ироқлик сайловларда қатнашиш истагини билдирганди. Европанинг бошқа давлатлари ва АҚШда яшаётган Ироқ фуқаролари ҳам сайловларда фаол қатнашган. Британияда яшаётган 150 минг ироқликнинг 30 мингдан кўпроғи Лондон, Манчестер, Глазго шаҳарларида овоз берган.
Германиядаги 25 мингдан кўпроқ ироқликлар эса, сайловда қатнашиш истагини билдирганди. 10 мингдан ортиқ Ироқ фуқароси истиқомат қилаётган Францияда бир минг эллик нафар ироқлик сайловда қатнашиш учун рўйхатдан ўтганди.
Иорданияда 20 мингдан ортиқ Ироқ фуқароси сайлов расмийлари томонидан рўйхатга олинди. Бирлашган Араб Амирликларида 12 минг 600, Сурияда 16 минг 581 ироқлик ва Туркияда 4 минг 200 нафар Ироқ фуқароси сайловда қатнашиш учун рўйхатдан ўтганди. Халқаро миграция ташкилоти маълумотига кўра, Ироқ парламенти сайловлари учун чет элларда берилган овозлар натижаси 5 февральда эълон қилинади.
Шу ерда алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, Ироқда сайловлар арафасида исёнчилар ҳужумлари авжига чиқди. БМТ расмийларининг эътирофича, Ироқ парламенти сайловларига техник жиҳатдан яхши тайёргарлик кўрилган, лекин, мамлакатнинг айрим минтақаларида хавфсизлик билан боғлиқ вазиятлар кўнгилдагидек эмаслиги ҳам айтиб ўтилди.
Умумхалқ сайлови ўтказишга ҳаракат бошланганидан буён бу йирик сиёсий тадбирнинг тинч ва осуда ўтишини таъминлаш Ироқ раҳбарияти олдидаги долзарб масала бўлиб келаётган эди. Кўпчилик номзодлар турли таҳдидлардан чўчиб, ҳатто, сайловолди тарғиботларида ўз номларини ва сиёсий дастурларини овоза қила олмади. Сайлов арафасида мамлакатда хавфсизлик чоралари янада кучайтирилди. Уч кун давомида (29-31 январь) Ироқнинг барча чегаралари ёпиб қўйилди. Шу кунлар ичида муқаддас ҳаж сафаридан қайтаётган ироқликлардан ташқари ҳеч ким мамлакатга киритилмади.
Шунга қарамай, 30 январь куни ўнга яқин шаҳарда қўпорувчилик ҳаракатлари содир этилди. Натижада 35 киши ҳаётдан кўз юмди. Маълумотларга кўра, бунинг учун жавобгарликни Абу Мусаб аз-Заркавий етакчилик қилаётган террорчи гуруҳ ўз зиммасига олган.
Ироқдаги парламент сайлови хакқаро сиёсатчилар томонидан турлича баҳоланмоқда. Масалан, АҚШ президенти Жорж Буш сайлов демократия сари ташланган муҳим қадам эканини таъкидлаган. Буюк Британия бош вазири Тони Блер эса Ироқда ўтказилган илк демократик сайловни глобал террорчиликка қарши курашдаги кучли зарба сифатида баҳолаган.
Ҳозирча кузатувчилар, сайлов Ироқда ҳокимият органларидаги ўринларнинг адолатли тақсимланишида муҳим аҳамият касб этишига шубҳа билдирмаяпти. Якуний натижалар эса, ўн кун ичида расман эълон қилинади.
ББС сайтидан олинган материаллар асосида
Шерзод АҲМАТОВ тайёрлади.